Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қорақалпоқ академик лисейида яқинда нашрдан чиққан “Кадрлар хизмати фидойилари”, “Тергов хизмати фахрийлари” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги нуронийлар кенгаши” номли китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, подполковник Ғ. Эшимбетов очиб, мазкур адабиётлар бўйича ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, полковник Б. Садикова сўзга чиқиб, ушбу китобнинг яратилиши ҳамда ундан жой олган фахрийларнинг машаққатли, шу билан биргаликда, шарафли хизмати тўғрисида йиғилганларга батафсил маълумот берди. Шунингдек, тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник О. Турдақов “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги нуронийлар кенгаши” номли китобнинг мазмун-моҳияти билан барчани яқиндан таништирди.
Ҳар жиҳатдан мазмунли ўтган мазкур тадбир якунида эса, унда иштирок этган фахрийларга янги номдаги китоблар совға қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати.
