ИИВ Малака ошириш институти раҳбарияти ташаббуси билан очилган Институтнинг Бектемир тумани базасида профессор-ўқитувчи ҳамда тингловчи ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, қолаверса, уларнинг илмини янада бойитиш мақсадида замонавий қулайликларга эга бўлган Ахборот – ресурс маркази фаолият юритиб келади. Институтнинг бошланғич касбий тайёргарлик ўқув йиғини аёл тингловчи ходимлари ҳам ушбу кутубхонага тез-тез ташриф буюриб туришади.
Мазкур Ахборот – ресурс марказида китобхонлар учун барча қулай шароитлар яратилган бўлиб, замонавий компъютер ва жиҳозлар билан таъминланган минглаб китоб фондига эга ушбу маскан эндигина ички ишлар органлари соҳасига қабул қилинган ёш ходимлари учун муносиб туҳфа бўлди десак сира адашмаймиз. Зеро, кутубхона фондида мавжуд соҳага оид адабиётлар ички ишлар органлари ходимлари билим савиясини оширадиган саволномалар билан бойитилган.
Айниқса, бугунги замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган мутолаа залида электрон ўқув жиҳозларида соҳага оид маълумотлар қаторида Республика Миллий ахборот-кутубхона марказидан олинган 10000 дан зиёд турли мавзулардаги китобларнинг электрон шакллари, нусхалари мавжудлиги кишини қувонтиради.
Ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг бебаҳо жавоҳирлари билан безатилган ушбу улуғ маскан ходимларининг маънавий оламини юксалтириб, ҳаётини чароғон этиши, интеллектуал салоҳияти ва тафаккурини юксалтириб, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Соҳага ходимларнинг қизиқишини янада орттиради.
ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.
