Маънавият ва маърифат дарси
Инсон табиатан қизиқувчан бўлиб, бутун умри мобайнида доимо билмаганларини ўрганишга интилади. Бу ёруғ оламдаги ҳар қандай саволларга ва барча қизиқишларимизга жавобни фақатгина китобдан топа олишимиз ҳам унинг ҳаётимизда нақадар улкан аҳамиятга эга эканини англатади.
Китобга турли даврларда турфа таърифлар берилган. У билим манбаи, инсониятни жаҳолатдан қутқарувчи восита, энг яқин дўст ва маслаҳатчи, тафаккур қуроли, беминнат устоз, хазина калити, қалб кўзгуси сингари кўплаб ижобий сифатлар билан тилга олинади.
Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга Президентимиз томонидан алоҳида эътибор берилиб, бу борада кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган фармойиш ва қарорлар асосида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилиши билан бирга, китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига замин яратди.
Кези келганда, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки ички ишлар органлари ходимларининг касбий малакаси, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, ходимлар билан маънавий-тарбиявий ишларни янада кучайтириш каби вазифаларни бажаришда китоб энг яқин кўмакчидир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Шундан келиб чиқиб, китобхонликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги «2020–2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида «2020–2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури» ишлаб чиқилди.
Дастурда китобхонлик соҳасидаги миллий ва илғор хорижий тажриба таҳлили асосида Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, китоб маҳсулотини яратиш, чоп этиш, етказиб бериш, китобхонликни оммалаштириш, илмий-методик таъминлаш, кадрлар тайёрлаш, китобхонлик инфратузилмасини бошқариш билан боғлиқ масалалар қамраб олинган. Дастурнинг мақсади китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ижодкорлар, ноширлар ва китоб тарқатувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини изчил ва самарали ташкил этиш орқали фаол китобхонлар сафини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишдан иборатдир.
Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини 2020–2021 йилларда амалга ошириш бўйича тузилган «Йўл харитаси»га кўра, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оилавий китоб ўқиш анъанасини йўлга қўйиш мақсадида «Энг яхши китобхон оила» республика танловини ўтказишга масъул этиб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бириктирилди.
Бундан ташқари, «Йўл харитаси»дан ўрин олган «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида тадбирлар ташкил этиш, «Энг яхши китобхон ҳудуд», «Энг яхши китобхон маҳалла», «Энг яхши китобхон таълим муассасаси» рейтингини жорий этиш, «Ёш китобхон» республика танловини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида «Жалолиддин Мангуберди», «Алпомиш», «Темур тузуклари билимдони» каби тадбирлар республикамиз миқёсида юқори савияда ўтказиб келиняпти.
«Энг яхши китобхон оила» кўрик-танлови тўғрисида алоҳида тўхталиш лозим. Мазкур танлов фарзандларимизга шарқона таълим-тарбия асосида ёндашувнинг муҳим жиҳатларини очиб берганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, тарбиянинг асоси оилада шаклланади. Ота-она китобхон бўлган оилада илмли, зиёли ўғил-қизлар камол топади. Республика миқёсида ўтказилган ушбу кўрик-танлов маънавий жиҳатдан қанчалик фойдали бўлса, ғолиб чиққанлар ҳам моддий томондан муносиб тақдирланганини эътироф этиш лозим.
Шу ўринда айтиш муҳимки, оилаларда китобхонликни тарғиб этишга йўналтирилган мазкур республика кўрик-танлови кўзи ожизлар ўртасида ҳам ўтказилди. Бундан асосий мақсад, кўриш бўйича ногиронлиги бўлган аҳоли ўртасида китобхонликни, мутолаага бўлган қизиқишни кенг жорий этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, шунингдек, китоб ўқиш, билим олишга бўлган интилишларини рағбатлантириш орқали китобхонлик маданиятини оширишдир.
Қувонч билан айтиш лозимки, «Энг яхши китобхон оила», «Ёш китобхон» сингари ёш авлод тафаккурини чархлайдиган, улар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтирадиган интеллектуал кўрик-танлов иштирокчилари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Танловнинг ҳудудий босқичларида миллионлаб ёшларнинг катта иштиёқ билан иштирок этаётгани бунинг исботидир.
Жумладан, «Китоб маркази – Китоб дунёси» тармоқ савдо марказлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Халқ таълими вазирликлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда умумтаълим мактаблари ўртасида «Энг китобхон мактаб» лойиҳаси ўтказиб келинаётганини таъкидлаш лозим. Мазкур лойиҳада 350 дан ортиқ мактаб иштирок этди. Таълим муассасаларида таҳсил олаётган 150 минг нафардан зиёд ўқувчи, шунингдек, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар учун китоб савдо ярмаркалари, китобхонлик байрамлари ўтказилгани мамлакатимизда китобхонлик даражаси ўсиб бораётганининг ифодасидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, китоб ўқишнинг инсон маънавиятини бойитишга қўшган ҳиссасини ҳеч қандай моддий бойлик билан таққослаб бўлмайди. Биламизки, дунё бўйлаб ҳар йили қотиллик, босқинчилик, талончилик сингари сон-саноқсиз жиноятлар содир этилади. Бу жиноятлар таъсирида олам аҳли жуда катта миқдорда моддий ва маънавий зарар кўради. Эътиборли томони, ўша жиноятчиларнинг шахсиятига назар солинганда, улар орасида китобга меҳр қўйган кишилар деярли учрамас экан. Зеро, китоб инсонни ёмонликка, жиноятга ундамайди, ёвузликдан, зулмдан қайтаради.
Саодат ЖУМАНОВА,
ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати катта ўқитувчиси.
