Ички ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон” санаторийсида Конституция куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида бугунги кунда барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Конституцияси куни байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар ўтказилмоқда.
ИИВ “Ўзбекистон” санаторийсида бўлган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси эканлиги таъкидланиб, янги таҳрирдаги Бош Қомусимизда “Инсон – жамият – давлат” тамойили асос қилиб олингани, яъни ҳар бир моддада инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари акс топгани алоҳида қайд этилди.
Унда “Ўзбекистон” санаторийси бошлиғи полковник А.Мўминова, Вазирлик Касаба уюшма қўмитаси бош мутахассиси, юридик фанлар доктори, профессор, истеъфодаги полковник А.Сатторов, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси подполковник Х.Рўзиев, ИИВ Тиббиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник А.Якубовлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Сўзга чиққанлар томонидан сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва роли ҳақида фикр юритдилар.
Шунингдек, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳам юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши билан бошқаларга ибрат бўлиши, ўзининг шахсий ва касбий имижини мунтазам равишда юксалтириб бориши зарурлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида ходимлар ўзини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар.
