Юртимиздаги барча соҳа вакиллари қатори, ички ишлар органлари ходимларининг маънавий салоҳиятини юксалтириш йўлида вазирлик томонидан кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. ИИВ Маданият саройида ташкил этилган “Соғлом турмуш тарзи” ҳамда “Маънавият ойлиги” доирасида шоир ва ёзувчилар билан учрашув” мавзуларидаги маънавият ва маърифат дарси бунинг яққол тасдиғидир.

Тадбир аввалида сўзга чиққан Республика тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази досенти Нозима Файзиэва жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, фуқароларни соғломлаштириш айни пайтдаги энг муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат миқёсида аҳамият қаратилаётгани эса юқоридаги ишларнинг мантиқий давоми эканилигини қайд этди.

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шукур Қурбон ўз қаламига мансуб она Ватан, меҳр-муҳаббат ва садоқатни тараннум этувчи шеърларидан намуналар ўқиб берди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов томонидан ижро этилган дилбар тароналар эса тадбирга янада файз бағишлади.

– Осойишталигимиз посбонларининг дунёқарашини ошириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир менга жуда маъқул келди, – дейди ИИВ Ташкилий департаменти Навбатчилик хизматларини ташкил этиш бошқармасининг муҳим топшириқлар бўйича инспектори, подполковник Шерзод Саидов. – Боиси, маънавиятимизни кенгайтириш билан биргаликда, маданий ҳордиқ ҳам чиқариш имконига эга бўлдик.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.

Ҳикматилла ОЛИМЖОНОВ олган суратлар.