Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда ИИВ раҳбариятининг топшириғига мувофиқ вазирлик Малака ошириш институтида республика ички ишлар органлари бошлиқларининг бир гуруҳ маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари учун қисқа муддатли семинар-тренинг машғулотлари ўтказилмоқда. 

Машғулотларда асосий эътибор ходимларнинг “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” ғояси асосида умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилмоқда. Шунингдек, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, дастурларнинг мазмун-моҳиятини тизимли равишда етказиш, дунёда ва ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан фаол ҳаётий позисиясини шакллантириш, бурчга садоқат, фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш ҳам диққат марказида бўлмоқда.

Семинар-тренинг машғулотларини ўтказиш учун Вазирликнинг тегишли соҳавий хизматларидан бой амалий тажриба ва юқори малакага эга ходимлари ҳам жалб этилди.

Тренинг машғулотларида ўқитилаётган назарий билимларни мустаҳкамлаш амалиёт билан узвий, уйғунлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, тингловчилар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, одоб-ахлоқ, этика қоидаларига риоя қилиши, камтар, хушмуомала бўлиши лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилмоқда.

ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.