Бугун ИИВ Маданият саройида “Ахборот алмашинувида миллий манфаатлар устуворлиги” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникасиялар агентлиги директорининг маслаҳатчиси Фахриддин Каримов сўзга чиқди. У давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларининг салоҳияти ҳамда очиқлик даражасини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш орқали фуқаролик жамияти институтларининг янги имконият ва усулларидан фойдаланиш ҳамда давлатнинг ахборот эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда миллий ахборот ресурсларидан унумли фойдаланишни такомиллаштириш бўйича ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, нотиқ ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш, инновасион билим ва технологиялар ёрдамида ахборотни шакллантириш, халқаро ахборот алмашинуви соҳасида глобал ахборот маконига интеграция қилиш ва унга ҳамоҳанг тарзда юртимиз мавқеини янада ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Каримжон Мусашайхов Иивга киритилган тақдимнома бўйича тўхталиб, унга кўра, ўтган йили давомида мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат вазифасини бажариш чоғида содир этилган қонунбузарлик ҳолатларини ҳудудлар ва соҳавий хизматлар кесимида таҳлил қилиб, йўл қўйилаётган камчилик ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.

Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.