Дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган шахслардан бири истеъдодли шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Шу муносабат билан бугун ИИВ Маданият саройида улуғ аждодимиз таваллудининг 539 йиллигига бағишлаб, “Бобурнома – мемуар асар” мавзусида маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда таклиф этилган меҳмонлар иштирок этган ушбу тадбир аввалида сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод мазкур асар ҳақида фикр юритар экан, унинг тарихий ва адабий қийматга эгалигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, унда Бобур яшаб ўтган даврда Марказий Осиёдан Ҳиндистонгача бўлган масофада деярли ярим аср давомида рўй берган воқеалар ҳаққоний ифодасини топганлигига батафсил тўхталди. Шунингдек, нотиқ ўзи ва буюк бобокалонимиз қаламига мансуб ижод намуналаридан келтирди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамид Тўхтаев ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт ва ижод йўли, унинг дунё тарихида тутган ўрни ҳақида фикр юритиб, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон асари асосида саҳналаштирилган “Бобур соғинчи” номли спектаклдан парча ижро этди.

Шахсий таркибнинг маънавий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг буюк аждодларимизга бўлган ҳурмат-эътиборини янада ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир якунида Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова ҳамда ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан Бобур ғазаллари асосида куйланган дилбар тароналар барчанинг қалбидан чуқур жой олди.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.