Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари билан навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси ўтказилди. “Саломатлик – бебаҳо неъмат” ҳамда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари!” мавзуларида ташкил этилган ушбу тадбирни ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари, полковник Ҳамза Махсумов очиб, мазкур масалаларнинг жамиятимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган ИИВ Марказий поликлиникаси бошлиғи, полковник Феруза Зокирова сўнгги йилларда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланиб бораётганлиги тўғрисида тўхталди. 

Шунингдек, бу борада ички ишлар органлари тизимида ҳам осойишталигимиз посбонларининг саломатлигини ҳимоя қилиш, уларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда аниқланаётган касалликларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида даволаш бўйича кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганлигини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёэвнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” номли нутқига тўхталди. Жумладан, унда белгилаб берилган келгуси беш йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий етти йўналиш бўйича ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур стратегия, аввало, аҳоли манфаатларига хизмат қилган ҳолда юртимиз тараққиётини янги поғоналарга олиб чиқишини мамнуният билан эътироф этди.

– Тиббий, сиёсий ва ҳуқуқий билимларимизни бойитишда бугунги тадбирнинг ўрни беқиёсдир, – дейди Хўжалик бошқармаси Транспорт бўлими катта инспектори, катта сержант Ахрорбек Икромов. – Шу боисдан, бу каби тадбирларнинг мунтазам ташкил этилиши шахсий таркиб маънавий салоҳиятининг юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.