Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳокимлиги, халқ таълими ҳамда ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлимлари мудирлари, Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманидаги умумтаълим мактабларининг директорлари, шунингдек, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирок этган йиғилишда вояга етмаганлар ўртасидаги йилнинг ўтган 9 ойида содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари таҳлилий кўриб чиқилди.

Вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғи, подполковник Алишер Абдулҳамидов, тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Анваржон Болтабоэв, вилоят ҳокимлиги вакили Абдураҳмон Абдуллаэв вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омиллар, бунга ижтимоий-маънавий муҳитнинг таъсири катта эканига эътибор қаратдилар.

Анжуманда Косонсой туманидаги 29-умумтаълим мактаби ҳамда Давлатобод туманидаги 58-Диумда юз берган кўнгилсизликлар мисолида масалага жиддий эътибор қаратилди. Ўқувчи-ёшларни зарарли иллатлар, хусусан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан асраш мақсадида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бунинг учун жамоатчиликнинг ролидан оқилона фойдаланиш борасида зарур тавсиялар, долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, 

"Постда" мухбири.

Наманган вилояти.