Шу кунларда давлат ва жамоат арбоби, буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур таваллуди юртимизда кенг нишонланмоқда. 

«Аҳмад Фарғоний” номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бадиий саҳналаштирилган тадбир ҳам унутилмас таассуротларга бой тарзда ўтди.

Унда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ҳам иштирок этдилар.

Маълумки, ички ишлар органлари ходимларининг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларнинг онгида миллий истиқлол ғояларига садоқат, бой тарихимиз, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини юксалтириш, турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни янада кучайтириш мақсадида маънавият ойлиги ташкил этилмоқда.

Буюк саркарданинг ҳаёт йўли, ҳарбий фаолияти, давлат ва жамоат ишларидаги ютуқлари, бунёдкорлик юмушлари, ёзган асарлари ҳақида атрофлича сўз юритилган тадбир айнан маънавият ойлигида ўтказилгани айни муддао бўлди. 

Бу каби тадбирлар ички ишлар органлари ходимларининг тарихий билимларини бойитишга, уларнинг қалбидаги ватанга муҳаббат ва аждодларимизга ҳурмат туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.