Мустақиллик йилларида ҳар қандай таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга тайёр миллий армиямиз халқимиз ва мамлакатимизнинг ишончли ва мустаҳкам қалқонига айланди. 

Миллий армия қудрати ҳарбий хизматчиларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги билан бир қаторда, улар қалбида жўш ураётган ватанпарварлик, хизмат бурчига фидойилиги билан боғланади. Соҳибқирон Амир Темур таъкидлаганидек, “Давлат лашкарлару фуқароларнинг садоқати ва фидоийлиги ила қудратлидир”. Дарҳақиқат, қалбида ўз халқига садоқати кучли, хизмат бурчига фидокорона ёндашадиган ҳарбий хизматчи мамлакат даҳлсизлигини таъминлай оладиган қудратли кучга айлана олади. Шу маънода миллий руҳ кучли бўлса, ирода, жанговар салоҳият ҳам юқори бўлади. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лисейи ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази ўртасида “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш консепсияси” ижросини таъминлаш ҳамда педагог ходимларнинг услубий малакасини ошириш бўйича иккитомонлама келишув ва ҳамкорликдаги асосий тадбирлар режаси имзоланган, лисей ўқувчилари учун нафақат ҳарбий хизматчиларнинг хизмат шароити, ҳарбий шаҳарча инфратузилмаси, қўшинлардаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналари билан танишув тадбирлари, балки Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани доирасида соҳа мутахассислари раҳбарлигида мауассаса ўқув-моддий базадан кенг фойдаланган ҳолда амалий машғулотлар ўтказилиши ташкиллаштирилган.

Армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ҳамда тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бораётир. 

Бугунги кунда ҳарбий хизматни ўташ ўсмирлар учун ҳаётий мақсад, орзу – умид, фахр – ифтихорга айланди. Ҳар йилнинг 14-январи эса, нафақат Ватан ҳимоячиларининг, бутун ҳалқимизнинг энг муҳим, қувончли байрамларидан бири бўлиб қолди. Зотан, шу заминда яшаётган, Ватанига муҳаббати жўш урган, муҳри қайноқ халқимиз, униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз олдига қўйган мақсад-муддаолари ватанпарварлик руҳи билан чамбарчас боғланган.


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 

Самарқанд академик лисейи ўқитувчиси, 

 резервдаги полковник, досент А.Мусулманов