Маънавият ва маърифат дарси
Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Киндик қонимиз тўкилиб, туғилиб ўсган Ватан онамиз каби азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, бу ёруғ олам юзини кўрганидан кейин эса она Ватани бағрида вояга етади. Шу юртни асраб-ардоқлаш, ҳимоя қилиш эса ҳар бир юрт фарзандининг муқаддас бурчи ҳисобланади.
Донишмандлар айтганидек:
Туғилган ердан кўнгил узилмас,
Юрт қўриганнинг юрти бузилмас.
Дарҳақиқат, юртини севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар бор экан, мамлакат юксалаверади, тараққий этаверади.
Халқимиз истиқлол йилларида ўз олдига қўйган юксак марралар, тараққиёт сари илдамлар экан, бу йўлдан чалғитишга уринган турли ёвуз ниятли кучларга ҳам дуч келди. Оқ-қорани кўрди, яхши-ёмон кунларни бошидан кечирди. Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий юксалишига, хавфсизлигига дин ниқоби остидаги экстремистик кучлар, халқаро террорчилар кўп бора рахна солишга уринди. Ва ҳар қандай оғир, мураккаб ва машаққатли кунларда ҳам халқимиз ўзи танлаган йўлдан ортга чекинмади. Мустақиллигимизга қасд қилган ғаразли кучларга қарши ўзини ягона, мустаҳкам халқ сифатида намоён этиб, ирода, иймон ва эътиқод синовидан ёруғ юз билан ўтди.
1999-йилнинг 16-феврал воқеалари, 2000-йилнинг июл-август ойларида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларининг тоғли ҳудудларига жангариларнинг бостириб кириши, 2004-йил баҳорида террорчилик ҳаракатларининг содир этилиши ва бошқа хунрезликлар оқибатида ўнлаб ҳарбийлар, ички ишлар органлари ходимлари ва оддий фуқаролар ҳалок бўлди. Ғанимлар бу хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, жамиятдаги бунёдкорлик муҳитини бузиш, тобора кучга кираётган давлатимизни ўзи танлаган йўлдан ортга қайтаришни кўзлаган эди. Бироқ улар ниятларига етишолмади. Уларга қарши курашда юртимизнинг мард ўғлонларини кўксини қалқон қилдилар.
...2004-йил 30-март. Қибрай тумани ҳудудидаги «Қорамурт» блок-постида хизмат бурчини бажараётган ходимларга яқин атрофдаги маҳалладан сумалак олиб келишди. Барча баҳорнинг табаррук неъматидан татиб кўришга иштиёқманд эди. Катта сержант Зоитбек Аҳмедов эса йўлда автомобиллар қатновини назорат қилаётгани учун ҳамкасбларига кейинроқ боришини билдирди. Орадан бироз вақт ўтиб, «Тико» русумли автомашина постга яқинлашди. Унинг салонида ўтирган шубҳали шахслар осойишталик посбонларининг эътиборини тортди. Катта сержант З.Аҳмедов ва унинг ҳамкасблари террорчиларни қўлга олиш чораларини кўришди. Аммо кутилмаганда кучли портлаш юз берди. Зоитбек ва унинг бир ҳамкасби манфур кимсалар билан курашда мардларча ҳалок бўлди.
Умуман олганда, собиқ иттифоқ даври, ўтган асрнинг 60–80 йиллари ички ишлар органлари ходимлари учун тинч-
осойишта кечди, деб бўлмайди. Айниқса, мустақиллик арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида уюшган жиноятчиликнинг турли кўринишлари авж олганини катта авлод вакиллари яхши эслайди. Ўша даврларда жиноятчиликни жиловлаш, жиноят олами обрўдорлари ва уларнинг ҳамтовоқларига қарши кураш чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўп бор ўлимга тик боришди.
Халқимизнинг бирдамлиги, сиёсий онги етуклиги, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қаторида ички ишлар органлари ходимларининг қатъияти ва жасорати туфайли қора кучлар ниятларига ета олмади. Лекин шундан кейин ҳам ҳали экстремистик кучлар, ҳали наркотик моддалар савдоси билан шуғулланадиган жиноий тўдалар, ҳали демократияни «экспорт» қилмоқчи бўлган марказларнинг турли шаклдаги хуружлари юз кўрсатиб турди. Давлатимиз бу таҳдид ва хавф-хатарларга қарши чуқур ўйланган сиёсат билан изчил ва тизимли курашди. Натижада эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланди. Мамлакатимиз ўзи танлаган тараққиёт ва юксалиш йўлидан оғишмай, олға интилди, биз танлаган инсонпарвар ва тинчликсевар сиёсий йўлнинг тўғрилигини жаҳон ҳамжамияти тан олди.
Мустақиллигимизни ҳимоя қилиш йўлидаги оғир курашларда юз берган талафотлар ўрни қопланди, шикастланган бинолар тикланди. Бироқ қурбон бўлганларнинг оилаларига етган зарарни, айниқса, фарзандидан айрилган ота-оналар, етим бўлган болалар, бева қолган аёллар, тул қолган келинлар қалбидаги яраларни битказиш қийин. Шу боис хизмат вазифасини бажариш чоғида, террорчи гуруҳлар ва жиноий тўдаларга қарши кураш пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига, фарзандларига давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз ва Ички ишлар вазирлиги томонидан доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам берилмоқда.
2018-йил Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ватанимиз олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига бағишланган «Мард ўғлонлар номи барҳаёт» китоби яратилди. Бу китоб тинчлик ва осойишталик учун жонфидо қилган халқимизнинг мард ва жасур фарзандлари хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром намунаси бўлди. Шунингдек, Президентимизнинг 2021-йил 2-апрелдаги қарорида Ички ишлар вазирлиги томонидан Иккинчи жаҳон уруши давридан айни пайтгача хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг номини абадийлаштириш ва улар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирувчи «Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари» китобининг чоп этилиши белгиланган эди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ушбу китоб ҳам нашрдан чиқди.
Юқорида тилга олинган таҳликали ҳолатлар ўша эски ҳақиқатни, яъни, халқимиз ўзини мустақил тараққиёт йўлида олган аччиқ сабоқларни яна бир бор ёдимизга солади. Бугун гарчи инсоният тарихидаги энг ривожланган даврда яшаётган бўлсак-да, фан-техника тараққиёти янги-янги босқичларга кўтарилаётган эса-да, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, тинч-осуда ҳаёт учун кураш энг долзарб, энг устувор масала бўлиб қолмоқда. Буни дунёнинг ҳозирги манзараси ҳам бот-бот эслатиб турибди. Бу ҳақиқатни унутишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ.
Қаҳрамонлар ўлмайди. Мустақиллик йилларида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги эркин ва обод ҳаётини таъминлаш йўлида ўзининг азиз жонини қурбон қилган мард ва жасур ўғлонларимизнинг сўнмас хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди. Уларнинг ибратли умри жонажон Ватанимизга фидойилик, эл-юрт тинчлиги ва келажаги учун керак бўлса жонини ҳам беришга тайёр тура олиш борасида ёшларимиз учун доимо ўрнак бўлиб хизмат қилади.
Сарвар СОБИРОВ,
«Постда» мухбири.
