Навоий вилояти Кармана туманида ҳам “Маънавият маршрутлари” лойиҳаси доирасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳа бошлангандан буён туман ИИБ ходимлари саёҳат қилиш баробарида маданий ҳордиқ чиқаришди. Шунингдек, китобхонлик тадбирлари ва интеллектуал ўйинлар давомида билимларини мустаҳкамладилар, заковатлари чархланди.
Кармана тумани қадимий тарихга эга. Мазкур туманда Қосим шайх, Хожа Ориф Деггароний, мир Сайид Баҳром ҳамда Работи Малик меъморий мажмуалари мавжуд. Осойишталик посбонлари маршрут йўналиши бўйича Хожа Ориф Деггароний манзилида бўлишди. Масжид имоми машҳур авлиёнинг ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Сўнг Қуръон тиловат қилинди.
Яна бир гуруҳ ходимлар эса Сардоба томон йўл олишди. Бу ерда йиллар давомида сувнинг тоза ва тиниқ сақланишидан ҳайратга тушишди, меъмор усталар маҳорати ва Буюк ипак йўли тарихи билан танишдилар.
– Мамлакатимиз кундан-кунга чирой очиб, обод бўлаётгани замирида аждодларимизнинг заковати мужассамлигини мана шу ерда ҳам кўришимиз мумкин. Уларга муносиб бўлиш, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун бор кучимизни сафарбар қилсак арзийди, – дейди туман ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, маёр Шерзод Абдуллаэв.
Шунингдек, ходимлар Кармана тумани кутубхонасида ҳам бўлиб, оташин шоир ва моҳир таржимон Усмон Носир ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган бадиий кечада иштирок этишди. Тадбир баҳонасида туманнинг ёш ижодкорлари ва кўзга кўринган шоирлари билан яқиндан танишишди.
Албатта, бу каби маърифий тадбирлар ҳали якунига етмаган. Чунки “Маънавият маршрути”да кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига ҳамда Нурота зиёратгоҳига ташрифлар, шунингдек, ақлни чархловчи кўрик-танловлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
