Ён-атрофимиздаги одамларга, айниқса, муҳаббатдан яралган мурғак қалбларга меҳр кўрсатиш халқимизга хос бўлган одат. Навоий вилояти Иибда психолог вазифасида фаолият олиб бораётган катта лейтенант Мавлуда Орзиеванинг Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 9 нафар кўнгли ўксик болани бирданига бағрига босиши ҳам эзгуликка эш бўлган элимизга хос мурувват нишонасидир.

Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйининг тугатилиши 2019-йилдан буён вилоят Иибда психолог вазифасида фаолият олиб бораётган катта лейтенант Мавлуда Орзиеванинг ҳаётида муҳим ўзгаришлар ясади. У ўз хонадонида оилавий болалар уйи ташкил этишни ният қилди...

Мазкур Меҳрибонлик уйига Мавлуданинг қайнонаси Дилбар Орзиева раҳбарлик қиларди. Қалби ўксик болакайларни оилаларга бериш жараёнида опанинг шахсан ўзи иштирок этди. Келини охирги 9 нафар меҳрга ташна болажонни оиласига олиш истагини билдирганда, Дилбар опа аввалига ҳайратланди. Чунки Мавлуданинг 2 нафар фарзанди бор эди. Яна 9 нафар болани оқ ювиб, оқ тарашнинг ўзи бўладими.


— Касбим тақозосига кўра, Меҳрибонлик уйига тез-тез бориб турардим. У ердаги болаларнинг тақдири менга бегона эмасди. Турмуш ўртоғимнинг розилиги билан 5 ўғил ва 4 қизни бағримизга олдик. Биргаликда улар учун барча зарур шароитларни, энг муҳими, оила муҳитини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Мақсадимиз битта болажонларни жамиятга керакли инсонлар қилиб тарбиялаш, уларга ҳаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш. Бу йўлда учрайдиган ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга тайёрмиз, дейди қаҳрамонимиз.


Шундай қилиб, катта лейтенант Мавлуда Орзиева халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик, ўзбек оналарига хос меҳрибонлик билан 9 нафар болани ўз бағрига олди. Орзиевлар оиласи бир ёқадан бош чиқариб, уларга меҳр улашмоқда. Ҳозирда улар Кармана тумани Ўзбекистон маҳалласида аҳил-иноқ, катта оила бўлиб истиқомат қилишмоқда. Биз ушбу хонадонда бўлганимизда, бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Айниқса, 12 ёшли Ангелинанинг сўзларидан ҳайратландик.


Мен Меҳрибонлик уйига келганимда жуда кичкина эдим. Тарбиячи опалар бизга ғамхўрлик қилишарди. Мавлуда онам ҳар гал келганларида, нафақат менда, балки акаларим, опаларимда ҳам ажиб ҳиссиёт уйғотарди. Менимча, оналик меҳри шу бўлса керак, дейди у чуқур энтикиб. Мен улғайганимда болалар шифокори бўлмоқчиман. Токи дунёда ҳеч бир бола дард чекмасин. Шу орқали онажонимнинг ишончини оқлайман, чунки у киши ҳар тонг келажакда биз ажойиб инсонлар бўлиб етишишимизга ишонишини такрор-такрор айтади.


ИИВ ишчи гуруҳининг Навоий вилоятига ташрифи чоғида Мавлуда Орзиеванинг хизматлари муносиб эътироф этилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан унга муддатидан олдин “капитан” махсус унвони берилди. Болаларга бадиий китоблар жамланмаси ва эсдалик совғалари туҳфа этилди.


Маҳлиё ХОЛОВА, “Постда” мухбири. Навоий вилояти.