Мамлакатимиз Қуролли Кучлари бугун мустақиллигимиз, давлатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг муҳим таянчи, кафолатига айланди. Замонавий ҳарбий техника билан таъминланган, ихчам, тезкор ва профессионал армиямиз Ватанимизнинг мустаҳкам қалқонидир. 


Сўнгги йилларда ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмалар­нинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилиб, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди. 2018–2021-йилларда қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳарбий техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш бўйича комплекс дастур доирасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди.  

Ҳозирги вақтда миллий армия­мизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларда «Инсон қадри учун» та­мойили марказий ўринга қўйилмоқ­да. Шу асосда барча ҳарбийлар­нинг хизматларини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатланти­риш, оиласи ва фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. 

Қувонарли жиҳати, ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон мудофаа тизими халқаро миқёсда етакчилар қаторида эътироф этилмоқда. Хусусан, «Глобал Фирепоwер» ташкилоти тузган янги рейтингга кўра, дунё­нинг энг кучли армия­лари қаторида Ўзбекистон армияси 55-ўринни эгаллади. 142 та давлат армиялари жой олган рейтингда мамлакатимиз Қуролли Кучлари Марказий Осиё минтақасида пешқадамликка эришган. 

Халқимиз ва ҳарбийларнинг ҳамжиҳатлиги мустаҳкамланмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган «Армия ва халқ – бир тан-у бир жон» деган улуғвор ғоя қанчалик халқчил ҳамда ёшлар таълим-тарбиясида ниҳоятда самарали эканлиги амалда ўз ифодасини топаётир. 

Шубҳасиз, мамлакат мудофаа­сини ташкил қилишда Қуролли Кучларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланган Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий тузилмалар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, нисбатан катта шахсий таркибга эга, мамлакатдаги муҳим обектлар хавфсизлиги ишониб топширилган Қоровул қўшинлари, Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ана шундай ҳарбий тузилмалар сирасидандир.

Мазкур қўшинларда хизмат қилаётган ҳарбийлар хизмати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этиб келинмоқда. Фидойи хиз­мати, кўрсатган жасорати учун кўплаб ҳарбий хизматчилар давлат мукофот­ларига сазовор бўлиш­моқда, вазирликнинг «Аъло хиз­матлари учун», «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун», «Қўшин аълочи­си» кўкрак нишон­лари ва бошқа мукофотлар билан рағбатлантириляпти.

Масалан, ўтган йили биргина Қоро­вул қўшинлари ҳарбий хизматчила­ридан 68 нафари «Қўшин аълочиси», 29 нафари «Бенуқсон хиз­матлари учун» кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Худди шунингдек, Президентимизнинг фармонига мувофиқ, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар «Шон-шараф», «Мардлик» орденлари, «Содиқ хизматлари учун», «Шуҳрат» медалларига муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, Қоровул қўшинлари шахсий таркибини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий хизматчиларга имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш учун 373 та хонадон ажратилди. Уй-жой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларга эса ижарада турганлик учун компенсация пуллари тўлаб берилмоқда.

Ортда қолган 2022-йилда халқаро спорт мусобақаларида катта натижалар қўлга киритилди. Масалан, 21–26-июл кунлари Қирғизистонда спортнинг «Усмонов Комбат системс» тури бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 3-даражали сержант Яҳёхон Юсупов ва оддий аскар Азиз Муйдинов барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлишди. 26–30-май кунлари пойтахтимизда универсал жанг бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди. Дунё­нинг ўттиздан ортиқ давлатларидан қатнашган 700 нафарга яқин спортчилар орасида Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари – капитан Жамол Амонов ва кичик сержант Жасур Даминов ўз вазн тоифаларида учинчи ўринни қўлга киритди.

Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган универсал жанг бўйича ўтказилган жаҳон кубоги мусобақасида капитанлар Ўктам Ражабов ва Жамол Амонов ўз вазн тоифаларида тенгсиз деб топилгани ҳам кишига фахр бағишлайди. 

Умуман олганда, вазирлик ҳарбий тузилмаларида спорт мусобақалари, кўрик-танловлар, интеллектуал ўйинлар ўтказиш, ўқув-амалий машғулотлар, интенсив синовларни ташкил этиш яхши анъанага айланган. Бундан ташқари, «Маънавият маршрути» лойи­ҳаси доирасида ҳарбий хизматчиларнинг тарихий обидалар, маданий обектлар, музей ва зиёратгоҳларга ташрифлари ҳам мунтазамлик касб этмоқдаки, Ватан ҳимоячиларининг билим ва маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.

2022-йилнинг 12–15-сентабр кунлари Фориш туманидаги тоғ дала-ўқув майдони базасида Қоровул қўшинларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловнинг иккинчи босқичи ўтказилди. 

Танловнинг «Энг илғор баталон командири» номинациясида 7534-сонли ҳарбий қисм таъминот баталони командири, маёр Орифжон Расулов, «Энг илғор взвод командири» номинациясида 7531-сонли ҳарбий қисм 3-баталони 7-ўқчи взвод командири, капитан Абдулазиз Жўраев, «Энг илғор гуруҳ командири» номинациясида 7535-сонли ҳарбий қисмнинг махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи 1-жанговар гуруҳи командири, катта лейтенант Дўстёр Пўлатов, «Энг илғор сержант» номинациясида 7534-ҳарбий қисм 1-баталони бошқарув гуруҳи командири – қоровул бошлиғи, катта сержант Шерали Восиев ғолибликни қўлга киритди.

Шу ўринда Ички ишлар вазирлиги тизимида шахсий таркибда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини кучайтириш масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Шу мақсадда ички ишлар органларида «Ватанпарварлик бурчаклари» ташкил этилган, «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказил­япти. Бундай чора-тадбирлар юрт посбонлари, айниқса, ёш ходимлар қалбида ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, уларни юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугун ҳар қандай таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга тайёр миллий армиямиз бор. Ватан ҳимоячилари том маънода, халқимиз, мамлакатимизнинг ишонч­ли ва мустаҳкам қалқонидир. Шу маънода, ҳарбийла­римиз, армиямиз халқимизга қанча яқин бўлса, давлатимиз ҳам шунча қудратли бўлади. Қудратли давлатни эса ҳеч қандай куч енга олмайди.


Камол ОЛЛОЁРОВ,

«Постда» мухбири.