Юртимизда қадимий обидалар, асори атиқалар бисёр. Уларни томоша қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли давлатларидан кўплаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Ана шундай муқаддас қадамжолардан бири Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Миздакхан мажмуаси ҳисобланади.

Жорий йилнинг октабр ойида Ақшнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ажратилган 80 минг доллар миқдоридаги грант ҳисобидан мазкур мажмуада жойлашган «Ережеп халифа» мадрасасининг сиртқи фасадини қайта таъмирлаш ишлари якунланди. Ҳозирда мадраса ёнида унинг тарихи тўғрисида маълумот берувчи интерактив доска ўрнатилган. Сайёҳларга мобил қурилмалари ёрдамида ушбу доскадан зарур ахборотлар олиш имконияти яратилган.

Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, Миздакхан мажмуаси Хўжайли туманининг ғарбий томонида Кўҳна Урганчга олиб бора­диган йўл бўйида жойлашган. Унинг майдони қарийб 200 гектардан ортиқдир. Тарихчи-олимларнинг таъкидлашича, қадимий Миздакхан қалъасининг пайдо бўлиши милоддан аввалги ИВ–ИИИ асрларга тўғри келади. ИХ–ХИ асрларга келиб қалъа янгидан қурилиб, мустаҳкам девор билан ўралади. Бу даврга тегишли бўлган қабрлар аҳоли орасида ислом динининг кенг тарқалганини кўрсатади. ХИИИ асрда мўғулларнинг Хоразмга бостириб келиши оқибатида шаҳарда ҳаёт вақтинчалик тўхтаб қолган. Орадан муайян вақт ўтгач шаҳар янгидан қад кўтаради. Албатта, қалъанинг аҳоли учун қулай майдонда жойлашганлиги сабабли бу ерда яна янги қалъа қурилиши амалга оширилади. 

Халқ орасида кенг тарқалган афсоналарга кўра, «Ережеп халифа» мадрасаси ёнида Қиёмат соати жойлашган. Мазкур соат мад­раса деворларидан қулаган ҳар бир ғиштни ҳисоблаб боради. Нақл қилишларича, энг охирги ғишт қулаганидан сўнг Ер юзида тириклик тўхтар экан. Шу сабабли бу ерга келган зиёратчилар қулаб тушган ғиштлардан еттитасини тахлаб, шу тариқа дунёдаги тирикликнинг вақтини узайтиришга ҳисса қўшишар экан. Албатта, бу афсона. Лекин шундай тарихий ёдгорликнинг айнан бизнинг юртимизда барпо этилгани учун барчамиз аждодларимиз тарихи билан фахрланишга ҳақлимиз.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

ўз мухбиримиз.

Қорақалпоғистон Республикаси.