Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси жорий йилнинг сарҳисоби баробарида Янги Ўзбекистонинг ёрқин келажаги сари муҳим қадам бўлди. Биргина 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланишининг ўзи фикримизнинг нақадар тўғри эканини кўрсатиб турибди.
Биноабирин, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш бўйича туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аҳолининг барча қатламларига муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш, ижтимоий ҳимоя ва бандликни таъминлаш, даромадлар барқарор ўсишига эришиш, жамиятнинг маданий даражаси, бағрикенглик ва меҳрибонлик фазилатларини янада мустаҳкамлашдан иборат комплекс тадбирлар амалга оширилди.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилганидек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда ғоят муҳим ўринда туради. Қувонарлиси шундаки, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, тинч ва хотиржам умр кечириши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши давлатнинг бош мақсадига айланиб бормоқда, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари юртимиздаги барча инсонларнинг манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “Ҳеч кимни эътибордан четта қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Сир эмаски, кенг кўламли ислоҳотлар кишиларнинг ҳаёти, дунёқараши, тафаккур тарзи ҳамда турмуш даражасини тубдан ўзгартирмоқда. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз” деган улуғвор мақсад умумхалқ ҳаракатига айланмоқда.
Шу билан биргаликда, кўзлаган мақсадларимизга эришишда таълимнинг ўрни беқиёс экани барчамизга маълум. Мамлакатимизда бу соҳада ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ёшларимизда аниқ ва табиий фанларга нисбатан қизиқиш, келажакда муҳандислик, ахборот коммуникация технологиялари, илм-фан йўналишида етук кадрлар сифатида шаклланишлари учун мактабларда СТЕМ таълим тизимини тадбиқ этиш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқилади. Ушбу дастурни амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мабалағлари йўналтирилиши айнан таълим сифатига қаратилган ислоҳотлардир.
Мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар жараёнига холислик билан назар ташлаган инсон биз бугунги кунда ҳақиқатан ҳам ривожланиш йўлидан бораётганлигимизни кўриши қийин эмас. Фақат буни ҳис қилишимиз ва Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидик, “Биз бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади”.
Инчунун, мамлакатнинг келажаги порлоқ бўлиши учун ёш авлодни чин маънодаги комил инсон қилиб тарбиялаш ўта муҳим вазифалардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб аталишида ўзига хос ҳикмат бор. Бу ҳикмат шундаки, буюк келажак маънавий баркамол инсонларга таянгандагина яратилади ва қад кўтаради.
Шундай экан, 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинганлигини юртимизга, халқимизга даъват деб қабул қилиш лозим. Зеро, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт”
Шавкат ТЎРАЕВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, фалсафа фанлари номзоди, доцент.
