ИИВ Ўқув-дала марказида вазирлик Малака ошириш институтининг бошланғич касбий тайёргарлик тингловчилари билан “Муқаддасдир ватан байроғи” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Республика маънавият-маърифат маркази ҳамда маърифат тарғиботчилари аъзоси, психолог-консултант Дилобар Расулова ўз маърузаси, бадиий ҳаваскорлик тўгараги фаоллари ўзларининг Ўзбекистон Республикаси байроғининг тарихи тўғрисида кўргазмали тақдимоти билан иштирок этди.
Бадиий ҳаваскорлик тўгараги фаоллари тингловчиларга “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши тарихи, унинг давлат сиёсий ҳаётидаги аҳамияти, ўзига хос жиҳатлари ҳамда байроғимизнинг тавсифи ҳақида батафсил тушунтириб, ўзлари тайёрлаган кўргазмали тақдимот орқали тингловчиларга маълумотлар етказди.
Тадбир давомида психолог-консултант Д. Расулова сўзга чиқиб, байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этгани, миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Айтиш мумкинки, бу каби тадбирлар ўқув-йиғини тингловчиларининг тарихга бўлган қизиқишини ҳамда она Ватанга меҳр-муҳаббатини оширади.
Ўз мухбиримиз.
