Куни кеча ИИВ Маданият саройида мазкур мавзуда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Шу муносабат билан сўзга чиққан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Обиддин Маҳмудов ҳам барча шахсий таркибни яқинлашиб келаётган истиқлолимизнинг 30 йиллик юбилейи билан самимий қутлаб, ички ишлар органлари ходимларининг мамлакатимиз Мустақиллигини янада мустаҳкамлаш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларига улкан муваффақиятлар тилади.

Шунингдек нотиқ, она Ватанимиз озодлиги ва унинг истиқболи йўлида душман билан тинимсиз курашиб, керак бўлса, жонини ҳам фидо қилган буюк аждодларимизнинг тарихий жасоратларини мисоллар ёрдамида келтириб ўтди. Шу билан бирга, бугунги янги Ўзбекистон дея аталмиш, она заминимизда юртдошларимиз томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар ва уларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганини фахр билан тилга олди. Адибнинг “Фарзанднома” китоби асосида тайёрланган видеороликлар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. 

Байрамона руҳда ўтган ушбу тадбир якунида эса, бадиий сўз устаси Авазбек Азизохуновнинг ичак узди ҳангомалари йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.