Бугун ўзгача тонг отар, ўзгача шукуҳ, қалбларда эса ҳаяжон, ҳаммада баҳорий кайфият. Ерлардан бош чиқариб бойчечак чиқар. Осмонда қуёш ҳар томон нурин сочар. Ўлкамиз узра яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш баҳор кезиниб, она заминимиз ям-яшил либосга бурканмоқда. Борлиқ уйғониб, меҳр-оқибат, саховат, эзгулик байрами Наврўзи олам ташриф буюрмоқда. Бу байрамни ҳар бир одам, ҳар бир оила алоҳида тараддуд билан ҳам жисман, ҳам маънан покланган ҳолда кутиб олади.

Ота-боболаримиз азалдан Наврўз байрамига алоҳида тайёргарлик кўришган. Ерларни ҳайдаб, экишга тайёрлаб қўйишган. Ҳашар йўли билан ариқ-зовурлар, кўча-гузарлар тозаланиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган, дарахтлар оқланиб, ободонлаштириш, кўкламзорлаштириш ишлари бошланиб кетган.

Наврўз баҳорнинг энг гўзал шодиёнаси. Бу кун табиат ажиб гўзалликка бурканади. Маҳаллаларда сумалак қайнайди, кўк сомсалар пиширилади, дастурхонимиз баҳорги ноз-неъматларга тўлади.

Барчангизни Наврўзи олам билан қутлар эканман, ушбу қутлуғ айёмга хос бўлган гўзал фазилатлар асло тарк этмасин!

Юртимизнинг ҳар бир оиласи, хонадонидан файзу барака, бахту саодат аримасин, дастурхонимиз тўкин, ризқимиз бутун бўлсин.

Наврўз ўлкамизга тинчлик, эзгулик тўкин-сочинлик олиб келсин!

Зилола БОЗОРОВА.