Абдулла чиндан ҳам тириш­қоқ, самимий йигит эди. Унинг шуҳратпараст бўлиб қолишига, амалга интилишига мактаб пайти орттирган руҳий жароҳати сабаб бўлади. Отаси амал отидан туш­гандан сўнг ўқитувчиларнинг муомаласи ўзгариши, айниқса, отасининг дўсти Ҳусан амакининг иккиюзламачиликлари Абдуллани бутунлай ўзгартириб юборади. 

У бу дунёда энг зўри бўлсанггина сени ҳурмат қилишади, сенга тавалло этишади, деган фикрга борганди. 

Асар қаҳрамонининг Гул­чеҳрага бўлган муносабати ҳам жиддий эди, токи Сайёрага уйланиш мавзуси кўтарилмагунгача. Айнан шу нуқта, яъни ваъдасига вафо қилиб, Гулчеҳрага уйланган ҳолда қизни қийин вазиятдан қутқариш ёки Сайёрага уйланиб порлоқ келажакни таъминлашдан бирини танлаш нуқтаси Абдулланинг ҳаётидаги катта имтиҳонларидан бирига айланади. Афсуски, қанчадан-қанча имтиҳонларни аъло баҳоларга топ­ширган, олтин медалли ўқувчи, олимликка даъвогар шахс Абдулла ҳаётнинг, одамийликнинг шу синовида қоқилди. Ҳаётда яхши талаба бўла олмади.

Ҳамма ҳам одам бўлиб туғилади, лекин ҳар ким ҳам бу номга лойиқ бўлишнинг уддасидан чиқолмайди. Одамийлик номли хислат бор. Бу сўз одамга, чин инсонга хос хислат саналади.

Шуҳратпарастлик ёмон хусусиятлар сирасига киради. Бунинг сабаби шундаки, одамлар кўпинча шу салбий хислат сабаб кўплаб қабиҳликларга, иккиюзламачиликларга қўл урадилар. Қанчалаб инсонларнинг бахцизликларига, дилхираликларига сабаб бўладилар. Бунга ёрқин намуна эса Абдулла тимсолида намоён бўлади. У ўткинчи обрў-эътиборга етишаман деб виждонини ютқазди, гулдек бир қизнинг ҳаётига зомин бўлди. Энди унинг олим бўлишидан бирор маъно борми?

Инсон олим бўлишдан-да олдин одам бўлмас экан, топган обрў-эътибори, унвон-у амали бир пул. Асар реал воқеаларга асосланиб ёзилгандек китобхонни ўзига жалб этади. Асарда ота-онага ҳурмат, қадр-қиммат, одамийлик туйғулари, ёш қалбнинг ўй-ҳислари, ўзбекларнинг содда ва меҳрибонлиги, ўсмир боланинг орзулари ва шунга ўхшаш воқеалар ибратли тарзда ёритилган. Асарни мутолаа қилган ўқувчи ана шундай одамийлик сабоғидан дарс олади.


Фозил ХОЛМЎМИНОВ,

Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ЎМИБ терговчиси, капитан.