Миллатнинг маънавиятини шакллантиришда оиланинг ўрни муҳимдир. Чунки инсон ана шу меҳр масканида улғайиб, камолга етади. Ҳаётий тушунчаларга, тасаввурларга, қарашларга эга бўлади.  

 Оиладаги соғлом муҳит, танлаган касбига бўлган интилиш Дилшодни ИИВ Академиясига етаклади. Курсант бўлиш бахтига муяссар бўлган бу йигит ҳуқуқ илмини қунт билан ўрганишга интилди. Устозларининг ўгит ва насиҳатларига амал қилди. Ўқув ва амалий машғулотларда фаол иштирок этди. Академияни муваффақиятли тамомлаган Дилшод Урганч шаҳар ИИБ Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими тезкор вакили лавозимига тайинланди. Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашдек масъулиятли вазифанинг оғир юкини ўз елкасига олган лейтенант Дилшод Ўринов устозларидан касб сирларини қунт билан ўрганишга интилди. Қолаверса, содир этилган жиноятларни “иссиқ изида” фош этишга астойидил ҳаракат қилди. Ана шундай кунларнинг бирида у Урганч темир йўл бекатидаги тармоқ ИИБ тергов гуруҳи терговчиси, лейтенант Юлдуз Ҳамдамова билан танишиб қолади. Бир бирларини ҳаётий синовдан ўтказган бу икки ёш кўп ўтмай турмуш қуришади. Орадан йиллар ўтиб, оилада Дилнура ва Дилмурод исмли бир-биридан ширин фарзандлар дунёга келди. Оила бошлиғи сифатида Дилшоднинг зиммасидаги масъулият бир мунча ошди. Шундай бўлса-да, хизмат вазифаларини бажаришга ҳам, фарзандлар тарбиясига ҳам вақт топа олди. Ички ишлар органларининг турли лавозимларида самарали хизмат қилган маёр Дилшод Ўринов айни кунда вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ бўлинмалари махсус қабулхона бошлиғи вазифасида хизмат қилиб келмоқда.    

  – Турмуш ўртоғи билан ички ишлар органларида хизмат қилиш қанчалик масъулиятли ҳамда шарафли эканини ҳамма ҳам англай олмайди, – дейди вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси бош инспектори, маёр Юлдуз Ҳамдамова. – Бироқ, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш оддий ҳаёт тарзи эмас. Бу ҳар бир ички ишлар органлари ходимидан қатъий тартиб-интизомни, бурчга садоқатни, юксак масъулиятни, зиммамиздаги вазифани ҳушёрлик билан бажаришни талаб этади. Биз аёллар ана шу вазифаларни тўла-тўкис бажариш билан бир қаторда оила хотиржамлиги, саранжом-саришталиги, фарзандлар тарбиясига ҳам улгуришимиз керак. Оилани муқаддас, деб билган ҳар бир аёл буни уддалайди. 

  Айниқса, фарзанд тарбиясида ота-она истаги, орзу-интилишлари бир мақсадга қаратилган бўлиши лозим. Ана шундагина оилада соғлом муҳит вужудга келади. Ўғил-қизлар ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб вояга етади. Қаҳрамонларимиз ҳам ана шундай эзгу мақсадлар сари дадил интилишмоқда. Биз уларга омад тилаймиз!!

                                     Худойберган ЖАББОРОВ,

                                         “Постда” мухбири.