Миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз бизни юксак маънавиятга, маърифатга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим.
Таъкидлаш керакки, кўча-кўйда ажнабий тилдаги ёзувларнинг қалашиб кетиши, иш юритувида ҳали ҳам рус тилидан қутулаолмаётганимиз, бошқа-бошқа муаммоларнинг юзага келишига биринчи навбатда ўзимиз айбдормиз. Кўпчилигимизда миллий ғурур етишмайди. Катта-кичик кўчалар, ҳатто бутун шаҳардаги барча пешлавҳалар, эълонлар бошқа тилларда ёзилса-да, парвойимиз фалак. Хорижий тилни ўргатишга ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти ва мактабда тарбияланаётган, ўқиётган фарзандларимиз чет тилларда бийрон гапирганидан хурсанд бўлиб юраверамиз.
Сўнгги йилларда давлат тилига бўлган бу каби муносабатлар, бефарқликлар яна асосий мавзуга чиқиб, она тилимизнинг обрўсини кўтариш юзасидан давлат аҳамиятига молик саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020-йил 10-апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга мувофиқ 21-октабр санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. 2020-йил 20-октабрда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон билан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш асосий мақсад қилинган.
Мазкур фармон асосида қабул қилинган «2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепсияси»да ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган.
Шунингдек, унда ўзбек тилини барча соҳаларда қўллаш доирасини кенгайтириш, ундан давлат тили сифатида тўлиқ ва тўғри фойдаланишни таъминлаш мақсадида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юрита олиш даражасини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш, масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини жорий этиш, барча вазирлик ва идораларда идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, она тилимиз бўлган ўзбек тилининг нуфузини ошириш, жамиятда давлат тилига ҳурмат-эътибор ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириш учун барча имкониятлар мавжуд, меъёрий ҳужжатлар ҳам етарли. Эндиги вазифа Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Фозилжон МАМАШАРИПОВ,
ўз мухбиримиз.
