18-май Халқаро музейлар куни муносабати билан ИИВ марказий аппарати ходимлари ва уларнинг фарзандлари ҳамда таълим муассасаларининг курсант ва ўқувчилари иштирокида вазирлик Жар спорт-соғломлаштириш мажмуасида жойлашган Ички ишлар органлари тарихи музейига саёҳат уюштирилди.
Улар бу ерда тизим тарихи, соҳада олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар самараси ҳамда машаққатли хизматлари давомида юксак ҳурмат-эътиборга муносиб топилган фахрийларнинг она Ватанимиз тинчлик-осойишталиги йўлидаги фидойи хизматлари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди.
Шунингдек, бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам маънавият маскани ходимларидан атрофлича жавоб олишди.
Ўтказилган мазкур тадбир орқали мамлакатимиз ички ишлар органлари ўтмиши ва бугунги куни ҳақида янада кенг тасаввурга эга бўлдим, дейди ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимизда жойлашган 7534-ҳарбий қисм тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича катта йўриқчиси, кичик сержант Абдуҳамид Оллаёров. Шу сабабли ҳам музейлар соҳа тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи муҳим маскан эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
