Китоб жавонингизга
Яқинда Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан “Осойишталик йўлида бир аср” номли китоб нашрдан чиқди. Тошкент шаҳридаги “Азмир нашр принт” нашриёти томонидан чоп этилган мазкур рисола давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Хоразм воҳаси шундай хосиятли бир юртки, унинг ҳар қандай одамни ҳам ўзига тортадиган беқиёс сеҳри, жозибаси бор. Чунки Хоразм деганда, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, миллий давлатчилигимизнинг тамал тоши қўйилган бетакрор бир ўлка кўз олдимизга келади.
Шахсан мен қачонки бу замин тупроғига қадам қўйсам, кўҳна тарих сирларидан огоҳ бўлгандек, кўп ҳаётий ҳикматларнинг мағзини чаққандек бўламан....”, деган сўзлари билан бошланади.
Мазкур китоб 4 бобдан иборат бўлиб, унда Хоразм милицияси ва унинг ташкил этилиши, босиб ўтган шонли тарихий йўли, милиция ходимларининг 1920-1924 йилларда Хоразм Халқ Республикаси давридаги хизмат фаолияти ҳамда иккинчи жаҳон урушигача бўлган даврда жиноятчиликка ва жиноий тўдаларга қарши олиб борган кураши, уруш йилларидаги мардлик ва жасорати ҳақида ҳикоя қилинади.
Шунингдек, китобда осойишталик посбонларининг урушдан кейинги ҳамда мамлакатимиз мустақиллиги ва уни мустаҳкамлаш йўлидаги хизмат фаолияти, кўрсатган жасорати, ҳодисаларга бой бўлган оддий кундалик ҳаёти ҳақида ҳикоялар, лавҳалар ва фотосуратлар ҳам ўрин олган.
Шу билан бирга, китобда сўнгги бир асрлик соҳа тарихи ҳам қамраб олинган бўлсада, ушбу қўлланма орқали ички ишлар органларининг шонли ўтмиши ва бугуни ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин. Шу боисдан бу китоб, ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётган ва энди бу соҳага кириб келаётган ходимлар учун ўзига хос касбий қўлланма вазифасини ўташи билан бирга, соҳа фахрийларининг ҳам бебаҳо хазинаси бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқ.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
