Ақшнинг Белъмонт округидаги мактаблардан бирида таҳсил олаётган ўқувчи ота-онасига бир хат келтирди. Ўқитувчилардан турли эслатма, ўқув дарсликлари, ёз таътили учун адабиётлар рўйхатини олишга кўниккан она ушбу мактубни ўқиб, қаттиқ таъсирланди. 

Таълим муассаси раҳбарияти томонидан тажриба сифатида қўлланилган мазкур услуб ва гўёки боланинг тилидан ўз ота-онасига мурожаат кўринишида ўйлаб топилган эслатма унга жуда маъқул келди. Она ушбу мурожаатни интернет саҳифаларига жойлади ва унинг бутун дунё бўйлаб фарзанд тарбия қилаётган катталар учун йўриқнома бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ҳаммада катта қизиқиш уйғотган бу эслатма қуйидаги мазмунда эди: 

1. Мен билан дангал ва очиқ-ойдин гаплашишдан чўчиманг.

2. Феъл-атворимда салбий хислатлар шаклланишига йўл қўйманг: чунки кейин улардан қутулишим қийин кечади. 

3. Менинг фикрим аҳамияциз эканини ҳис эттирманг, бу ўзимни янада ёмон тутишимга сабаб бўлади. 

4. Кўпчиликнинг олдида мени изза қилиб, уялтирманг: хотиржамлик билан юзма-юз тушунтирилган танбеҳ ва насиҳат мен учун ундан кучлироқ таъсирга эга. 

5. Мени ҳар доим хатти-ҳаракатларим оқибатидан ҳимоя қилманг: чунки ҳар бир ишнинг, яхшими-ёмонми, оқибати бўлишини ўзим англаб етишим керак. 

6. Ҳамма нарсани юз маротаба такрорламанг, акс ҳолда ўзимни эшитмаётганга олиш одати юзага келиши мумкин. 

7. Ҳали ичимдаги ҳис ва кечинмаларни ҳар доим ҳам тилимга чиқара олмаслигимни унутманг. 

8. Жаҳлингиз чиқиб турганида ҳақиқатни сўзлашимни талаб қилманг, чунки бу пайтда қўрқувдан ногоҳ ёлғон гапириб қўйишим мумкин.

9. Фикрингиз ва хатти-ҳаракатларингиз ўзгарувчан бўлмасин, бу шаклланаётган феъл-атворимга салбий таъсир кўрсатади. 

10. Ва ниҳоят охиргиси: шуни ёдда сақланг, агар ўз уйимда жуда-жуда кучли меҳр кўрмасам, келажакда бахтли инсон бўлиб вояга етишим қийин.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.