Темурийлар тарихи давлат музейи 1996-йил 18 -октабрда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан бунёд этилган.

Музейнинг асосий мақсади, Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттириш ва кенг тарғиб қилиш, чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган тарихий ютуқларимиз ҳамда анъаналаримиз асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат. Музей фондининг асосий қисми Амир Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, турли давлатлар ҳукмдорлари билан олиб борилган ёзишмалар, тангалар, сопол ва мис буюмлар, меъморий безак қопламалари, китоблар, этнографик буюмлар, юртимиз рассомлари асарлари каби нодир экспонатлардан иборат.

Кўргазма залининг марказидаги деворий тасвирдан «Буюк Соҳибқирон – буюк бунёдкор» номли 3 қисмдан иборат асар ўрин олган. Биринчиси – «Туғилиш» қисмида Соҳибқироннинг туғилиши билан боғлиқ урф-одатлар рамзий тасвирларда ифодаланган. Иккинчиси – «Юксалиш»да «Рости-расти» («Тўғрилик нажотдир») деган шиор олтин ҳарфлар билан битилган. Бу қисмнинг марказида тахтда ўтирган Соҳибқироннинг вазир, уламо, ҳарбий аъёнлар даврасидаги машваратлари акс эттирилган. Пастроқда эса Соҳибқироннинг авлодлари (Муҳаммад Султон, Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур) боболаридан мерос қолган тузукларни мутолаа қилаётганлари ва Амир Темур барпо этган меъморий обидалар тасвирланган. Учинчиси – «Фахрланиш» бўлимида мероснинг авлоддан авлодга ўтиб келаётганлик ғояси ўз аксини топган. 

Бугунги кунда музей экспонатларининг сони эса беш мингдан ошади. 

Бўлажак ички ишлар органлари ходимлари она Ватанимиз тарихини яхши билиши зарур. Бу уларда ватанпарварлик, юртга муҳаббат туйғусини кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг ҳам темурийлар даври илм-фани, маданияти ва тарихига оид билимларини мустаҳкамлашда ушбу музейнинг аҳамияти беқиёс. 

Музей доимо тарихимизни чуқур ўрганишга интилаётган олимлар, ўқувчилар ва талабалар билан гавжум. Ўтмиш ва бугунни туташтирган маконда юртдошларимиздан ташқари, кўплаб хорижлик сайёҳларни ҳам учратиш мумкин.

Саодат ЖУМАНОВА,

ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарих фани ўқитувчиси.