ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги маънавият ва маърифат дарси ўзлигимиз тимсоли бўлган ўзбек тилига бағишланди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллигига бағишланган ушбу тадбирда сўз олган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Нусратилла Жумахўжа юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсадга хизмат қилишини, давлат тилини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эса бу каби ишларни янада такомиллаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг сўзга чиққан ИИВ Маънавий-маърифий ишлар хизмати масъул ходими, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъматов давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш ва уларнинг ижросини таъминлаш вазирлик раҳбарияти томонидан ҳам назоратга олинганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, ўзининг қаламига мансуб она тилимизни мадҳ этувчи шеърини тадбир иштирокчиларига ўқиб эшиттирди.

– Давлат тилининг долзарб масалаларига бағишланган ушбу тадбир ўзининг салоҳияти ва мазмундорлиги билан муҳим аҳамият касб этди, – дейди ИИВ Халқаро алоқалар бошқармаси бош инспектори, капитан Бунёд Давронов. – Тадбир давомида бу борада келгусида қилишимиз лозим бўлган мажбуриятларимизни ҳам янада теранроқ англадик.

Шундай қилиб, она Ватанга садоқат, касбга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида ўтган мазкур тадбир иштирокчиларнинг маънавий оламини бойитишда аҳамиятли бўлди.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.