Учтепа тумани Ииофмб ППХ инспектори, сафдор Жаҳонгир Тоғаев Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. Ҳозирги кунда Профи университетининг 4-курс талабаси. 

Ёшлигидан адабиётга ҳавас қўйган, бўш вақтларида кўплаб китоблар мутолаа қилган қаҳрамонимиз мактаб даврларидаёқ шеър ёзишни машқ қила бошлаган. Ҳаваскор ёш ижодкорнинг ижодий ишлари республика нашрларида ҳам чоп этилган. 

У ўзининг илк шеърий тўпламини тақдим этиш арафасида.  

Ғайрат-шижоатга тўла сафдор Ж. Тоғаев кўнглидаги орзуларни амалга оширишга шошилади. Хаёлида турли режалар, ғоялар ҳами­ша қайнаб тошади. Шунинг учун ҳаммасига улгуради. Тилагимиз, уни ёшлик завқи ҳеч қачон тарк этмасин.

Ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.


ОТАНГ БЎЛСА...

Ота-қуёш, уни тўсмас булут ҳам,

Парвозингда ортда қолар бургут ҳам,

Қаддинг эгмас, эзғиламас сени ғам,

Шукр дейман, ёнгинамда отам бор.


Отанг бўлса, тулпоринг ҳам самандир,

Отанг бўлса, саҳролар ҳам чамандир,

Бошингга тош келса ҳам у омондир,

Бошим омон, ёнгинамда отам бор.


Суянганим мисоли тоғ отамдир,

Муҳаббатда, меҳрда у Ҳотамдир,

Қиролимнинг маликаси онамдир,

Шаҳзодаман, ёнгинамда отам бор.


Ҳар онимда тўқ туради кўнглим ҳам,

Яқинлашмас, йироқ юрар мендан ғам,

Бадавлатман, давлатманддан нимам кам,

Бошим кўкда, ёнгинамда отам бор.


Жаҳонгир ТОҒАЕВ,

сафдор.