Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимларига давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 20-январда имзоланган “Ички ишлар органларини профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан ИИВ Касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, полковник Умид Нуруллаэв мазкур ҳужжат соҳа ходимларининг аҳоли ўртасидаги обрў-эътиборини янада ошириш йўлидаги муҳим омиллардан бири эканлигини қайд этди. У ушбу қарор билан тасдиқланган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексида осойишталик посбонлари учун бир қатор мажбуриятлар белгиланиб, улар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш асосий вазифа сифатида кўрсатиб ўтилганлигини таъкидлади.
Шунингдек нотиқ, эндиликда, ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар ИИВ Малака ошириш институтида уч ойлик бошланғич касбий тайёргарликдан ўтиши, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патрулъ ва патрулъ-пост хизмати бўлинмалари ходимларини “Фуқаролар билан ишлаш модули” бўйича узлуксиз ўқитиш, мазкур соҳавий хизмат вакилларини фаолияти давомида юзага келиши мумкин бўлган стресс ва ностандарт вазиятларда ўз-ўзини бошқаришнинг психологик омилларини, халқ билан муомала маданияти, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда ходимларнинг касбий, жанговар-жисмоний тайёргарлиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш ва бошқа шу каби масалаларга батафсил тўхталиб ўтди.
– Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси ва нуфузининг ошишида, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликнинг мустаҳкамланишида ички ишлар органлари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, – дейди ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори, маёр Зоҳид Бердиэв. – Шундай экан, фаолиятимизни янада ривожлантириш йўлида қилиниши лозим бўлган ишларни тизимли ва узлуксиз ташкил этиш орқали уларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини оширишда ўзимизнинг бор куч ва ғайратимизни аямаймиз.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.