Ўз ҳудудидаги жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоғида ҳалок бўлган профилактика инспекторининг ўғли Темур Актамов халққа хизмат қилиш, унинг осойишталигини таъминлаш мақсадида ота касбини танлади. Малакали мутахассис бўлиш йўлида ўқиб, изланди. Натижада ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган маҳаллага профилактика инспектори бўлиб келди.
Қасамёдига содиқ қолиб, ўз вазифасини виждонан бажараётган Темурга қонунни четлаб ўтиб, мўмай даромад топаётган “тадбиркор”лардан бири ўзининг қинғир ишларига кўз юмиб, унга халақит қилмаслик учун катта миқдорда пора таклиф қилади. Бироқ ўз манфаатидан давлат ва жамият манфаатини устун билган инспектор бунга асло рози бўлмайди.
“Тадбиркор”нинг ҳаром пулларига учиб, унинг ёнини олган айрим “мутасадди”лар эса хизмат вазифасини суиистемол қилиб, ёш ходимга тайзиқ ўтказишда давом этади. Лекин аҳдига содиқ қолган Темур нафсига қул кимсалар олдида бош эгмайди. Ҳалолликни шиор қилган ходим онасига берган ваъдасида собит туради. Охир-оқибатда қанча таҳқир ва хўрланишларга қарамасдан, адолатни қарор топтиришга астойдил ҳаракат қилган инспекторнинг қўли баланд келиб, ҳақиқат юзага чиқади.
Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимларига намойиш этилган “Ҳеч қачон давлатман дема...” спектаклининг мазмун-моҳиятини ана шу ҳаётий воқелик ташкил этади.
– Орамизда шундай ҳалол, пок ва касбига хиёнат қилмайдиган осойишталик посбонлари қанчалик кўп бўлса, шунчалик юзимиз ёруғ, халқимиз олдидаги обрўйимиз доимо баланд бўлаверади, – дейди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти етакчи мутахассиси, капитан Содиқжон Раҳимов.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
