Ақллар жанги, туйғулар ва истаклар маҳорабаси бўлган шахмат барча илм аҳли ва тафаккурга ошно кишиларни ўзига ошуфта этмай қолмаган. Шахмат хотирани заифлашишдан сақлайди, ишчанлик қобилиятини кучайтиради. Бир сўз билан айтганда ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишида унинг ўрни бениҳоя юқори.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган ҳолатлар ҳам шахматга ташна кўнглингизга равшанлик улашади, деган ниятдамиз.
* * *
Шахмат бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони Макс Эйве поэздда кетаётганида нотаниш ҳамроҳи унга вақтни мазмунли ўтказиш учун йўл-йўлакай шахмат ўйнаб кетишни таклиф қилади. То манзилга етгунича 5 партия ўйнашган бўлса-да, нуқул ютқазаверганидан жиғибийрон бўлган шериги, охири шахмат тахтасини бир четга улоқтириб ўзига-ўзи дейди:
– Жин урсин, ишхонада мени ташкилотимизнинг Эйвеси деб мақташарди. Нақ беш марта чемпион бўлганман. Келиб-келиб битта кўчадаги аллақандай одамга ютқизиб турсам-а?! Танишлар эшитиб қолса, роса устимдан кулишса керак.
* * *
Англияда ўтган мусобақа тугагач, гроссмейстер Флор меҳмонхонадаги лифтга чиқади. Маълумки «флор» сўзи инглизчада «қават» деган маънони англатади. Лифтга бирга чиқиб қолган ҳамроҳи ундан одатга кўра «Нечанчи қаватга? (флор)» деб сўрайди. Ҳалиям ғолиблик нашидасидан сармаст гроссмейстер гап мусобақа ҳақида кетаяпти, деб ўйлаб, мақтанганнамо: «Албатта, биринчи» деб жавоб беради.
Буни «биринчи қаватга» деб тушунган ҳамроҳи лифт тугмачасини босолмай анграйиб қолади.
* * *
Халқимиз орасида ҳам шахмат ҳақида кўплаб ривоятнамо гаплар юради. Масалан, қадимда икки дўст бўлиб, иккаласи ҳам шахмат ўйнашга муккасидан кетган экан. Ҳатто улардан бири изғирин қиш кунларида 30 чақирим наридан от билан шеригиникига келиб шахмат ўйнаб кетишни канда қилмаскан.
Бир куни улар ярим тунгача шахмат ўйнаб ҳам бир-бирини енга олмабди. Ўйинни эртаси куни давом эттиришга келишиб олишгач, шериги ярим тунда отига миниб, уйга қайтибди. Хаёлидан тугалланмай қолган ўйин ҳеч кетмасмиш. Энди уйига етай деб қолганда, отини қурбон қилиб, дўстини мот қилиши мумкинлиги хаёлига келиб қолибди. Ғолиблик лаззатидан сармаст бўлиб, уйга ҳам кириб ўтирмай, яна дўстиникига қайтиб борибди. Тонг қоронғусида хижолатомуз эшикни тақиллаца, дўстиям ухламаган эканми, «Қайтиб кетавер, барибир отингни олмайман», деган экан.
* * *
Алёхин исмли буюк шахматчи ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Полъшалик ёш гроссмейстер Мигуэл Найдорф 1939 йили Буэнос-Айресда ўтган мусобақада у билан учрашиб, дўстлашиб қолади. Гап орасида у Алёхинга «сизни аввал ютганман» деб мақтанади. Алёхин 1932 йилда ўтказилган мусобақада икки партияда ҳам дуранг қайд этилганини айтиб, уни ёлғончиликда айблайди. Шунда Найдорф мийиғида кулиб, «1929 йил Варшавага келганингизда бирваракайига 32 тахтада сеанс олиб борганингизни эслай оласизми?», деб сўрайди.
Алёхиннинг қошлари чимирилади. «Ҳа, ўша 32 ўйиннинг 2 тасини шахмат тахтасига қарамай ўйнагандим, улардан бирида мағлубиятга учраганим ҳам рост. Наҳотки, 10 йил олдин Н7 хонасида рухни қурбон бериб, мени чув туширган болакай сиз бўласиз?» дейди у ҳайрат билан.
* * *
Турли тадбирлар ва шоу учрашувларни ёқтирадиган машҳур шахматчилардан бирини бошқа мамлакатга сеанс ўтказиш учун таклиф қилишибди. У биратўла 15-20 киши билан шахмат ўйнагач, тадбир сўнггида шахмат мухлислари билан суратга ҳам тушади. Кейин яна ўз мамлакатига қайтиб кетади.
Эртаси куни мусобақа ташкилотчилари сураткаш кўтариб келган суратга қарасалар, ҳамма бору, негадир жаҳон чемпиони кўринмасмиш.
– Суратда яна бир киши бўлиши керак, эди. Қани у? – десалар, сураткаш ҳам бўш келмай: «Ўша олдинда ўтирган семиз ва бесўнақай одамни айтаяпсизларми? Расм сифатли ва чиройли чиқиши учун уни олиб ташладим», деб жавоб берибди.
Ф. МАМАШАРИПОВ тайёрлади.
