Полковник Юсуп Османович Дженгазиев Тошкент шаҳар Ииббнинг энг тажрибали ва фидойи ходимларидан. 60 ёшни қаршилаган қаҳрамонимиз қарийб қирқ йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилмоқда.

1987-йилда ҳозирги ИИВ Академиясини (олдинги ИИВ Тошкент олий мактаби) тамомлаб, ҳозирги Яшнобод тумани ИИО ФМБ тезкор вакили лавозимида фаолият юрита бошлаган. Шундан сўнг аввалига катта тезкор вакил, сўнгра бўлинма бошлиғи, шунингдек пойтахт Жиноят қидирув бошқармаси бўлим бошлиғи, айни пайтда эса Тошкент шаҳар Ииббнинг ўта муҳим ишлар бўйича ходими лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Кўп йиллик тажрибага эга Юсуп Осмонович давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланган. Шунингдек, ИИВ ва ИИББ раҳбарияти томонидан бир неча бор рағбатлантирилган.

Бу йил 60 ёшини қаршилаган полковник Ю.Дженгазиев Тошкент шаҳар Ииббда тантанали равишда табрикланди. Бош бошқарма бошлиғи, генерал-маёр Азиз Тошпўлатов таъкидлаганидек, унинг узоқ йиллик самарали меҳнати, эришган ютуқлари, касбига бўлган муҳаббати барча ходимларга намуна бўлиб, ёш ходимлар айнан шундай устозлардан ўрнак олиши керак.

Тадбир давомида сўзга чиққан полковник Ю. Дженгазиев касбий маҳоратини оширишда унга намуна бўлган, касбнинг ўзига хос сир-асрорларини ўргатган устозларининг ўрни катталигини ва улардан миннатдор эканлигини алоҳида таъкидлади.

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.