Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ИИВ Маданият саройида ташкил этилган байрам тадбирида соҳада меҳнат қилаётган шифокорлар шарафланди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифаларини тўлақонли амалга оширишида, уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриб, масъулиятли фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр А.Икрамов, бир қатор ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари ҳамда ИИВ Тиббиёт бошқармаси тасарруфидаги муассасаларнинг ходимлари, фахрийлар иштирок этди.
Саломатликни сақлашни саодат деб билиб, узоқ йиллик самарали ва ибратли фаолияти билан алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган тиббиёт ходимлари ва фахрийлар Соғлиқни сақлаш ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдирланди. Тадбирга уланиб кетган консерт дастури иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Байрам тадбири тафсилотлари билан газетамизнинг навбатдаги сонида батафсил танишасиз.
