Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида Конститусиямизнинг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда бошқарма раҳбарияти, шахсий таркиби ва фахрийлар иштирок этди.
Байрам тадбирини очиб берган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов иштирокчиларни қутлуғ сана муносабати билан табриклаб, ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари Конститусиямизда мустаҳкам белгилаб берилгани, барча ислоҳотлар «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб борилаётганини эътироф этди.
Қонун устуворлигини таъминлашда, тинчлик ва осойишталикни сақлашда фидойилик кўрсатган сурхондарёлик 49 нафар ички ишлар органи ходими, 2 нафар фахрий ҳамда бир нафар ИИВ Сурхондарё академик лисейи ўқитувчиси Президент фармони билан таъсис этилган «Ўзбекистон Конститусиясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди. Тадбир давомида полковник А.Исмоилов эсдалик нишонларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шу билан бирга, фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашда алоҳида ўрнак бўлган 47 нафар ходим пул мукофоти билан тақдирланди.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири,
Сурхондарё вилояти
