Узоқ йиллар бир соҳада ишлаб, обрў-эътибор топиб, шогирдлар эҳтиромида нафақага чиқишнинг ҳам ўз гашти, сурури бор.
Фарғона вилояти ИИБ Ташкилий бошқарма навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси, маёр Маҳаммадали Зокиров ҳам Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ана шундай шарафли бахтга мушарраф бўлди.
У ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1991 йилда бошлаган. 30 йилдан зиёд вақт давомида эл-юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшган Маҳаммадали Зокиров бугун тажрибали устоз даражасига етди.
Вилоят Ички ишлар бошқармасида ўтказилган тадбирда бошқарма раҳбарияти анъанага кўра Маҳаммадали Зокировга тўн ва тўппи кийгизиб, нафақага кузатдилар.
Сиз каби соҳада бой амалий тажриба тўплаган устозларнинг маслаҳати ёш ходимларни тарбиялашда жуда муҳим ўрин тутади, – деди бошқарма бошлиғининг ўринбосари, полковник Файзилла Ортиқбоэв. – Шу боис биз билан ҳамкорликни давом эттириб, шогирдларингизга йўл-йўриқ, маслаҳат ва тавсиялар бериб туришингизни истаймиз.
Ўз ўрнида Маҳаммадали Зокиров кўрсатилган эҳтиром учун бошқарма раҳбарияти ва шогирдларига миннатдорлик билдирди. Ёшларни тарбиялашда ҳамиша ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
