Наманган вилояти ички ишлар бошқармасига бириктирилган Косонсой туманидаги 45-сонли «Нурли маскан» мактаб-интернатида «Матонат» спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувлари бўлиб ўтди. 

Ақл гимнастикаси – шахмат-шашка бўйича ўйинлар қизғин кечди. Бошланғич синфлар ўртасидаги шахмат мусобақаларида М. Аҳмедов, юқори синфларда эса М. Раҳмонов шашка бўйича М. Набиэв (бошланғич синф), А. Муҳиддинов (юқори синф) ғолиб бўлди.

60 метрга югуриш ва узоқликка сакраш бўйича қизлар ва йигитлар ўртасида беллашувлар мутахассислар назорати ва педагогларнинг кузатуви остида бўлиб ўтди.

Китобхонлик беллашувларида иштирокчилар дастлаб ўзлари мутоаала қилган асарлар ҳақида маълумот беришди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан уларга саволлар берилиб, энг яхши натижага эга бўлган иштирокчилар республика босқичи йўлланмаси учун кураш олиб бордилар. Шунингдек, “Баҳру байт”, “Тез айтиш”, “Шеърхонлик” йўналишлари бўйича ҳам иқтидор эгаларини аниқланди. 

«Матонат» спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларининг тақдирлаш маросимида вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари, Косонсой туман ҳокимлиги мутасаддилари ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи иштирок этди. Ғолибларга диплом, медалъ, эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, ўз иштироки билан ҳакамлар ҳайъатининг этирофига сазовор бўлган ўқувчиларга хам рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.

Фахрли ўринни эгаллаган иштирокчилар мусобақаларнинг республика босқичи учун йўлланмага эга бўлди.  

Гулчеҳра Бувамирзаева,

“Постда” мухбири,

Наманган вилояти.