Кунлардан бирида фермер пичанхонада соатини йўқотиб қўйибди. Буюм қимматбаҳо бўлмаса-да, у учун севимли инсонидан совға сифатида ўзига хос қадрга эга эди. Шу сабабли соатни узоқ излабди, ҳар ерни тинтиб чиқибди, лекин уринишлари наф бермабди. Ахийри, ҳолдан тойиб, ташқарига чиқибди ва нарироқда ўйнаб юрган болакайларга кўзи тушибди. У болаларни ёнига чақирибди ва пичанлар орасидан соатини топиб берган одам мукофот ваъда қилибди.
Буни эшитган шумтакалар тўдалашиб саройга чопиб киришибди. Пичанлар орасини «бошдан-оёқ» текшириб, барибир соатни топа олишмабди. Фермер умидини узай деб турганда, болалардан бири яқинлашиб, унга яна бир имконият беришни сўрабди ва бу вақтда пичанхонага ҳеч ким кирмаслиги лозимлигини тайинлабди. Фермер унинг самимий чеҳрасига боқиб, розилик билдирибди.
Бир муддатдан сўнг қўлида соат билан чиққан болакайни кўрган фермер ҳайратдан оғзини очиб қолибди. Қувонч ва қизиқиш ҳисси жўш уриб, боладан бу ишни қандай уддалаганини сўрабди ва «Ҳеч нарса қилмадим. Шунчаки ўтириб сукунатни тингладим. Атроф жимжит бўлганида соатнинг чиқиллаган овозини эшитдим ва шу томонга йўналиб, ахийри излаб топдим», деган жавобни олибди.
Қиссадан ҳисса: Хотиржам, сокин ва беташвиш онг хавотирли, асабий ва ҳаяжонга берилган онгдан кўра яхшироқ фикрлайди. Миянгизга кунига бир неча дақиқа бўлса-да сукунат онини тақдим этинг. Шунда у сизни кутилаётган натижалар, барқарор ва бахтли ҳаёт йўлига нақадар тез бошлаб боришига амин бўласиз.
Рус тилидан
Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
