Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Миллий матбуот марказида ташкил этилган тадбирда ИИВ тизимида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар хусусида сўз юритилди. Унда юртимиз оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлар, ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлар, бир гуруҳ ёшлар иштирок этди. 

Ўтказилган тадбир доирасида «Ўзбекистон халқи хизматида», «Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари», «Эл-юрт осойишталиги генераллари» ҳамда «ИИВ Бирлашган таҳририяти кутубхонасидан» туркумида нашр этилган «Маърифат зиёси», «Ёшлар – келажак пойдевори», «Маънавият ва маърифат чашмаси», «Фахрийлар – фахримиз» номли китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Ўзбекистон халқи хизматида» китоби бўйича ИИВ вазир ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи, полковник, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Я. Абдулхаков, «ИИВ Бирлашган таҳририяти кутубхонасидан» туркумида нашр этилган китоблар тақдимоти юзасидан ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, полковник Бернора Садикова, «Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари», «Эл-юрт осойишталиги генераллари» китоблари бўйича ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзоси, юридик фанлар доктори, истеъфодаги полковник А. Саттаров сўзга чиқди.

Мазкур китоблар инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлган, эл-юрт тинчлик-осойишталигини сақлашга камарбаста ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий билимларини оширишга ҳамда ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.

Тадбирда ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, полковник Бернора Садикова ҳамда мухбир Гулноза Турғунбоэвалар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинди ва аъзолик билети ҳамда кўкрак нишони топширилди. 

ИИВ Бирлашган таҳририяти.