“Шинелли йиллар”. Таниқли адиб Шуҳратнинг бу романи ҳақида жуда кўп илиқ фикрлар, мақтовлар эшитганман. Ҳозир сизга шу асарни ўқиш учун асосий сабабларни келтирмоқчиман.
Аввало, “Шинелли йиллар” инсон иродаси, матонати ва дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳақида сўзлайди, уни сўзлар орқали тасвирлаб беради. Уруш йилларидаги қийинчиликлар, душман аскари ёки қуроли рўпарасида чўчимай турган, юрти ва юртдошлари тинчлигини асраш йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар билан танишасиз.
Асарда маёр Элмурод Нодиров бош қаҳрамон сифатида олинганига қарамай, ёзувчи ҳар бир персонажни асосий планга олиб чиқа олган. Муҳаррам, Зебо, Элмурод ва Рашид тўртлигида севги, муҳаббат ҳамда инсоний фазилатлар синови чиройли очиб берилади. Бир-бирини тушуниш, вақти келганда, қўллаб-қувватлаш қаҳрамонларни бирлаштириб турган асосий ип бўлиб, сизни асарни охиригача киприк қоқмай ўқишга ундайди.
Романда, гарчи уруш йиллари, жанг саҳналари тасвирланган бўлса-да ҳар бир бобда одамийлик, дўстга садоқат алоҳида лавҳаларда тасвирланади. Мурзин каби ўзини севадиган, қийинчиликлардан қўрқадиган, ҳеч кимга садоқатли дўст бўла олмайдиган йигитларнинг аччиқ тақдири сизни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Романда тинчликсевар халқларнинг Гитлер армиясига қарши олиб борган кураши образли равишда ҳаққоний кўрсатилган. “Шинелли йиллар” жанг кўрган ёзувчининг қаламига мансуб бўлгани учун ундаги жанг манзаралари, ҳарбий ҳаёт тасвири аниқ, ҳаққоний тасвирланган.
Гули Нигор АВАЗОВА.
