Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида ички ишлар органлари ходимлари билан “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, шахсий таркиби, фахрийлар, ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқувчилари, ходимларнинг ота-оналари иштирок этди.


Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари – маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, подполковник Завқиддин Хўжанов очиб, шахсий таркибнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиши, зиммасига юкланган вазифаларни бекам-кўст бажариш, коррупцион ҳолатларга муросасиз бўлиш орқали ички ишлар органлари имижини ошириши лозимлигини таъкидлади.

Учрашувда вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Содиқ Исломов сўзга чиқиб, ёш ходимларга ички ишлар органлари ходимларининг хизмат, жанговар ва касбий маҳоратини юксалтириш, ватанпарварлик руҳини кучайтириш, коррупцияга йўл қўймаслик, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш бўйича тегишли тавсия ва таклифларни билдирди.

Тадбирда бурчига содиқ қолиб, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаб, ҳалолликни шиорга айлантирган ходимлар, уларнинг ота-оналари тақдирланди.

Якунда ички ишлар органлари ходимлари Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов қаламига мансуб “Тўйдан олдин томоша” номли спектаклни томоша қилишди. 

Суҳроб ҚАЛАНДАРОВ,

сафдор.

Қашқадарё вилояти.