– Айни пайтда Жейм Клернинг «Атом одатлари» китобини ўқияпман. Унда яхши одатларни эгаллаш, ёмонларидан халос бўлиш ҳақида ҳикоя қилинади. Асарда инсон психологиясига оид қимматли маълумотлар акс этган. Бу эса мен учун жуда муҳим. Чунки келажакда ички ишлар органлари тизимида тезкор қидирув соҳаси мутахассиси бўлмоқчиман. Ҳозирдан фуқаролар билан мулоқотга киришиш, замонавий технологиялар билан ишлаш борасидаги, қолаверса ҳуқуқий билимларни эгаллашга ҳаракат қиляпман. Бунда устозларимиз Феруза Адизова, Насиба Халилова ҳамда Воҳиджон Хўжанов менга яқиндан ёрдам беряптилар, – дейди Иқбол Мамаюсупова.
– Оилада тўрт қизмиз. Мен уларнинг тўнғичиман, – дея суҳбатимизга қўшилади Паризода Рамазонова. – Феъл-атворимда қатъийлик бўлгани учунми, дадам мени «Ўғил бола қизим» деб эркалайдилар. Севган машғулотим инглиз, рус тилларини мукаммал ўрганиш. Яна волейбол ўйнашни яхши кўраман. Ҳозирда Дейл Карнегининг «Дўстлар орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш» китобини ўқияпман. Лицейимизда ташкил этиладиган турли семинарларда ўзимнинг маърузаларим билан иштирок этаман.
– Бу қизларимиз барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштиришяпти. Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳаларда фаол иштирок этишяпти. Жумладан, «Олтин қанот» волонтёрлар академияси аъзолари сифатида дарсдан бўш вақтида ногирон болаларга ўқишида, ёлғиз қарияларимизга уй юмушларида кўмаклашадилар, дўстларини ҳам шундай савобли ишга жалб қилишмоқда, – дейди академик лицейи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Маҳмуджон Аннақулов.
Паризода Рамазонова ва Иқбол Мамаюсупова инглиз тили фани бўйича В1 ҳамда В2 даражали миллий сертификатларни қўлга киритиб, академик лицейнинг нуфузи ошишига ҳисса қўшдилар.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти
