Хиёнат ва диёнат 

Дунёда хиёнатдан оғирроқ жиноят йўқ. Бундай тавқи лаънат хотин ёки эр бўйнида қолади. Чунки ҳар қандай хиёнатни кечириб бўлмайди. Диёнат эса адолат ва интизом негизида қад ростлайди. Шу боис ҳам хиёнат қилишдан сақланиб, диёнатли бўлайлик.

Қарздор

Халқимиз орасида қарз олиб, қарз бериш бор нарса. Қурбингиз еца, ночор кишига қарз беринг. Етмаса, начора... Мабодо қарздор омонатингизни вақтида қайтаролмаса, узрини қабул қилинг. Бағрикенг бўлингки, у бир умр сиздан миннатдор бўлади.  

Покиза сув

Барчамиз покиза сув ичишни ёқтирамиз. Аслида покиза сув ичиш учун идишнинг покизалиги ҳам камлик қилар экан. Бунинг учун халқумимиз ҳам покиза бўлиши зарур. Покизаликда гап кўп, ҳамма нарса покизаликка боғлиқ. Буни асло унутмайлик. 

Меҳрли бўлайлик

Меҳр дарахти кўнгилда ўсади. Меваси эса тилдан тўкилади. Тилингиздан тўкиладиган ширин меваларни меҳрга ташна бўлганлардан зинҳор аяманг. Шунингдек, бировни ҳурмат қилсак, иззат топамиз. Бегонага салом берсак, эътиборимиз зиёда бўлади. Йиқилган кишини турғизиб қўйсак, меҳр кўрсатган бўламиз. Ҳа, азизлар меҳрли бўлиш ҳаммага насиб қилаверсин!

Ҳаётга муҳаббат

Одам ўз қўли, оёғида тупроқ тафтини туйса, ўзи қадаган уруғнинг ноз-неъматга айланганини кўрса, кўнгилда фақат табиатга эмас, ҳаётга ҳам муҳаббати уйғонади. Шу боис ҳам ундан бахтли инсон йўқ дунёда. 

Истеъдод нури

Биз кўпинча ташқи оламимизни безашга уринамиз, вақт сарфлаймиз. Аммо қалбимиз ичкарисини қоронғуда қолиб кетаётганини сезмаймиз. Ваҳоланки, аввало уни гўзал ахлоқ, метин бардош, юксак истеъдод нури билан ёритишга одатланайлик. Ана шунда умримиз беҳуда кетмайди, келажак ворисларга ҳаёт китоби қолдирамиз.

Мирзо АҲАД.