Ақл ёшда эмас

Ёшлигида ақли расо одам кексайиб, «аннақароқ» бўлиб қолиши мумкинми-йўқми, унисини билмадим-ку, аммо ёшлигида «аннақароқ» одам кексайганда ақли расо бўлади, десалар... Билмадимов. 

Инсон ва шайтон

Баъзиларга ҳайрон қоласиз. Қилғиликни қилиб қўяди-да, «билмай қолдим, шайтон йўлданурди», дейди... Тўғри, одамзот қонида шайтон васвасаси айланиб юриши-бор гап.

Аммо.. Шунақанги эркаклар борки, қирқта урғочи шайтонни болалатиб ташлайди.

Шунақанги аёллар борки, қирқта эркак шайтонни алимент тўлайдиган қилиб қўяди...

Ҳамма айбни шайтон шўрликка тўнкайверманг! 


Кулги ва йиғи

Кулишни билмайдиган одам-бахциз одам. Йиғлашни билмайдиган одам эса икки ҳисса бахциз! 


Кетмас бойлик

Менда бир сўм бор. Сизда ҳам бир сўм бор...

Мен сизга ўзимнинг пулимни бердим.

Сиз ҳам менга ўзингизнинг пулингизни бердингиз…

Ҳеч нима ўзгармади. Сизда ҳам бир сўм пул қолди, менда ҳам...

... Менда янги бир фикр бор. Сизда ҳам янги фикр бор...

Мен сизга янги фикримни айтдим. Сиз ҳам менга янги фикрингизни айтдингиз…

Сизда ҳам иккита фикр пайдо бўлди, менда ҳам…

Эсли одам пул алмашмайди. Фикр алмашади. 

Мушук

Ўзи итдан қочиб, дарахтга чиқиб олади-да, тағин қушларга дағдаға қилади… қўрқоқ шаллақи бўлади! 


Олим ва шоир

Ҳеч нимага ҳайрон қолмайдиган одамдан олим чиқади.

Ҳамма нарсага ҳайратланадиган одамдан Шоир чиқади! 


Капалак ва тошбақа

Тошбақа гулдан-гулга қўниб юрган капалакни кўриб ғаши келди.

«Бир кунлик умрига учишини қара!»

Капалак тошбақани кўриб кулди.

«Юз йиллик умрига судралиб юришини қара!»


Нотавон

У хў-ў-ўп ўқимишли, хў-ў-ўп билмдон, хў-ў-ўп олим одам. Фақат битта «жузъий» камчилиги бор: чин дилдан кулолмайди, чин дилдан йиғлолмайди...