Оқтепа — Ўрта Осиёда қадимги бинолар қолдиқлари ва археологик маданий қатламлар сақланган тепаликлар бўлиб, Тошкент шаҳрининг ўзида бир нечта Оқтепалар мавжуд. Кўкча Оқтепа, Чилонзор Оқтепа, Сағбон Оқтепа, Чиғатой Оқтепа, Юнусобод Оқтепалари шулар жумласидандир.
Тепаликлар орасида Юнусободда жойлашган Оқтепа ёдгорлиги ўзининг қадимийлиги билан ажралиб туради.
Тарихий маълумотларга қараганда, Оқтепа канали бўйида жойлашган Юнусобод Оқтепаси шаҳар харобаси ҳисобланиб, тарихи 5–13-асрларга бориб тақалади.
Юнусобод Оқтепаси 7–8-аср бошида яшаган чочлик йирик зодагоннинг қасрли чорбоғи, саройи бўлганидан далолат беради. У ҳокимнинг ёзги қароргоҳи бўлгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Топилмалар, жумладан умавийлар халифалиги (8-аср 1-ярми)га оид кумуш тангаларнинг кичик хазинаси топилган. Ёдгорликдаги ҳаёт 8-аср 2-ярмида қайта жонланган, 9–12-асрларда эса у Бинкат вилоятининг мустаҳкамланмаган қишлоқларидан бўлиб, 13-аср бошида мўғуллар истилоси даврида инқирозга учраган.
