Ички ишлар органларида ўтказилаётган «Уч авлод учрашуви»да ёш, ўрта ва кекса авлод ўртасидаги кўприкни мустаҳкамлаш борасидаги чора-тадбирлар изчиллик билан давом этмоқда. Хусусан, ИИВ Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида «Ёнғиннинг олдини олиш бўлими ташкил этилганлигининг 30 йиллиги» ва «Уч авлод учрашуви» маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди. Ёнг ъиннинг олдини олиш бо ълими 1994-йилнинг апрел ойида ўша пайтдаги Иивнинг транспорт милицияси таркибида 25 нафар ходим билан иш бошлаган. Бўлим олдига темирйўл вокзалларида, йўловчи, юк ташувчи поездлар вагонлари ҳамда нефт-газ маҳсулотларини етказиб берувчи систерналарда катта ёнғин ва талафотларнинг олдини олиш ишларини бажариш вазифаси қўйилган. «Уч авлод учрашуви»га ташиф буюрган фахрийларнинг кўпчилиги айнан мана шу йўналишда узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, пенсияга чиққан фидойилар бўлди.
– Мен соҳага энди кириб келаётган ёшларни устозлар ўгитига амал қилиб, билимларни чуқур ўзлаштириб, устоз-фахрийларимизга муносиб бўлишга, қолаверса, бугунги кунда олий мақсадларимиздан бири бўлган «Янги Ўзбекистонда – Учинчи ренессанс» даврига пойдевор қўйишда фаол иштирок этишга чорлайман! – деди тадбирни очиб берган Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Баҳодир Мирзараҳимов.
Катта ҳаётий тажрибага эга инсонлар сифатида ёш авлодни ватанпарварлик, касбига садоқат, қонунчилик ва хизмат интизомига қатъий амал қилиш руҳида тарбиялаш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрийлар чин маънода устоз деган номга муносибдир. Тадбир якунида тизимда узоқ йиллар давомида меҳнат қилган фахрийларга ИИВ ҳамда ФВВ раҳбариятининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
