Иккинчи истеъдод

Жиззах вилояти Арнасой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи суриштирувчиси, лейтенант Хумора Исломова масъулиятли ва мураккаб хизмат вазифаларидан ортиб, шеър ёзмоққа ҳам вақт топа олади. Хуморада адабиётга, назмга муҳаббатни мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берган онаси Феруза Мирзақулова уйғотган.

Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицейда ўқиб юрган кезлари бир воқеа юз бермаганида, ҳозирда балки онаси каби тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлармиди?..

2017 йилда у билим олаётган таълим муассасаси ИИВ Жиззах академик лицейига айлантирилди. Натижада кўплаб тенгдошлари қатори, Хуморанинг қалбида ҳам ички ишлар органлари ходими бўлиш орзуси пайдо бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига оид сабоқлар ҳамда қатъий тартиб-интизомга асосланган ҳаёт тарзи ёшларни келажак режаларини ўзгартиришга ундаганди.

Шундан сўнг Хумора Исломова ИИВ Академиясида ўқишида қўл келадиган фанларни ўзлаштиришга астойдил киришди. Пировардида ўша йилларда у сардорлик қилган лицей жамоаси «Сиз қонунни биласизми?», «Бахтиёрлар диёри» кўрик-танловларининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритди. 2019 йилда Хумора Исломова ИИВ Академияси курсантлари сафидан жой олди ва соҳа сирларини пухта эгаллашга ҳаракат қилди.

Табиийки, илм йўлидаги саъй-ҳаракатлари муносиб баҳоланиб, икки марта Академия раҳбариятининг ташаккурномаси билан тақдирланди. Унинг ота-онасига миннатдорлик хати йўлланди.

2022 йилда Академияни имтиёзли диплом билан тамомлаган Хумора Исломова Жиззах вилояти Арнасой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи суриштирувчиси лавозимида хизматни бошлади. Айни пайтда олий ўқув юртида эгаллаган билимларини амалиётда қўллаш билан бирга, суриштирув ва тергов ўтказишга оид тажрибаларини оширмоқда.

Айтиш жоиз, ўтган қисқа давр мобайнида мақоламиз қаҳрамони ўзини билимли ва тиришқоқ ходим сифатида намоён эта олди. Шунга яраша самарали фаолияти учун ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Қолаверса, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилаётган кўрик-танлов, мусобақа ва интеллектуал ўйинларда фаол қатнашиб, юқори натижаларга эришмоқда.

Чунончи, 2022 йил декабр ойида вилоят ички ишлар органлари ходимлари иштирокида уюштирилган «Конституция билимдонлари» кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритди. Шу билан бирга, турк тилини ўрганаётир. Хуллас, Арнасойда шундай истиқболли лейтенант фаолият кўрсатяпти.

 

ЎЙЛАРИМ...

 

Кечалар кўп эртак эшитар эдим,

Ўйларим ул дамни ёдимга солди.

Энди болалигим мендан йироқда,

Ўшал нурли тунлар қайларда қолди?..

 

Мурғак юрагимда минг битта савол,

Ҳар эртак якунин интиқ кутардим.

Муродига етган қаҳрамонлардек,

Мен ҳам омад-бахтни орзу этардим.

 

Энди бунинг бари олис ўтмишда,

Анча йил ўтибди орадан, мана.

Айт, қалбим, ул дамни қўмсаб шу бугун,

Соғинчлар қўлингдан тутдими яна?

 

Ёзаман, оқ қоғоз дардкашим менинг,

Туйғулар тўкилар унга бирйўла.

Болаликнинг завқли онин эсладим,

Эртакдай беғубор ҳисларим ила...

Хумора ИСЛОМОВА,

лейтенант.

 

Алижон Абдусатторов,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.