Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш. Алиэв ташаббуси билан қисқа муддатда Шофиркон туманидаги 3-сонли мактабнинг “Султонобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги филиали янги биноси фойдаланишга топширилди. Айтиш жоизки, мактабда ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида қурилиш, коммуникасия тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Барча замонавий қулайликларга эга бўлган 80 ўринга мўлжалланган мактаб филиали биносининг фойдаланишга топширилиши туманнинг Кўлобод ва Суғут қишлоқлари аҳолиси, айниқса, ёшлари учун чинакам байрам туҳфаси бўлди.
Шунингдек, 3-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ўқиши учун мослаштирилган эски биноси мактабгача таълим ташкилотига айлантирилиб, капитал таъмирдан чиқарилди. Эндиликда юқорида айтилган иккала қишлоқ аҳолиси учун фойдаланишга топширилган ушбу замонавий ва зарурий анжомлар билан жиҳозланган мактабгача таълим ташкилоти 60 нафар болажонларни ўз бағрига олади.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиэв, туман мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари ушбу муассасаларнинг очилиш маросимида иштирок этиб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.
М. АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
