ИИВ Маданият саройида 21 октябр – Ўзбек тили байрами куни ҳамда 24 октябр –Ўзбекистон Президенти сайлови куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” ва “Сайлов – демократия кўзгуси” мавзуларида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Уни ИИВ Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, полковник Ҳамза Махсумов очиб, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида ўзбек тилининг ҳамда мазкур сайловнинг нечоғлик муҳим аҳамият касб этиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон жаҳон тиллари университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев ҳар бир миллатнинг она тили унинг маданиятининг ажралмас қисми эканлиги, шу боисдан ўзбек тилини янада ривожлантириш бўйича юртимизда ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шунингдек, бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар билан биргаликда, айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланаётганлиги, бундай муаммоларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Миродил Баратов саноқли кунлардан сўнг юртимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида батафсил тўхталиб, мамлакатимиз фуқаролари ўзининг сиёсий ҳуқуқини амалга оширишда муносиб номзодга овоз бериш йўли орқали мамлакатимизнинг эртанги тараққиётига муносиб ҳисса қўшишини қайд этди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида эса Ички ишлар вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Меморандумни Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов ҳамда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева имзолашди.
Унга кўра, эндиликда амалга ошириладиган икки томонлама саъй-ҳаракатлар тинчлик-осойишталигимиз посбонларининг оилавий шарт-шароит ва имкониятларини янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
– Инсоннинг маънавий салоҳиятини юксалтиришда маърифий тадбирларнинг ўрни беқиёсдир, – дейди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти кадрлар бўлинмаси бошлиғи, маёр Отабек Валихонов. – Мазкур тадбир ҳам ушбу фикримизнинг яққол тасдиғи бўлиб, ўзининг таъсирчанлиги билан шахсий таркибда катта таассурот қолдирди.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
Икром ҲАСАНОВ олган сурат.